Саволнинг ID си: 7433
Укитувчига малака тоифаси ва устамаси хакида
Агар 1-тоифага эга мактаб укитувчиси аттестацияга касаллиги туфайли катнаша олмаган булса унга кандай малака тоифасида хак туланади? Устама хаки сакланиши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ишга янги қабул қилинган педагог кадрлар бир йилдан сўнг, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битириб биринчи бор ишга кирганлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилади (Вазирлар Маҳкамасининг  2016 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорига илова қилинган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 7-банди(бундан буён матнда – “Низом” деб юритилади).

Педагог кадрлар аттестациянинг бирор босқичида узрли сабабга (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органи ёки таълим муассасалари раҳбарлари маълумотномаси) кўра келмаган бўлса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади. Ёки, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ҳолда узоқ муддат (уч ойдан ортиқ) даволанаётган, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътилидаги педагог кадрлар эса иш фаолиятига қайтганларига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилади (Низомнинг 9-, 44- бандлари).

Педагог кадр узрсиз сабабга кўра аттестациянинг бирор босқичида иштирок этмаган бўлса аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ҳамда унга нисбатан "Аттестациядан ўтмади, тегишли малака тоифаси ёки лавозими туширилсин", мутахассис, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи лавозими бўйича "Аттестациядан ўтмади, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас" қарори қабул қилиниши мумкин (Низомнинг 45-банди).

Аттестациядан ўтди деб эътироф этилган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрлари белгиланган намунадаги сертификатлар билан таъминланади(ВМнинг 107-сон қарорининг 2-банди).

Педагог кадрларнинг базавий тариф ставкалари миқдори, уларнинг малака тоифаси ёки лавозими сертификат асосида белгиланади.

Сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган педагог кадрларга мутахассис, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи лавозими бўйича ҳақ тўланади.

Сертификатнинг амал қилиш муддати тугаб, мутахассис, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи лавозими бўйича ҳақ тўланаётган педагог кадрлар навбатдаги аттестацияга охирги сертификатида кўрсатилган малака тоифаси ёки лавозими бўйича жалб қилинади(Низомнинг 53-, 54-, 55-бандлари).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.