Саволнинг ID си: 7438
Бизнинг корхона алкоголли ичимликлар билан чакана савдо фаолиятини амалга оширади. Ушбу фаолият тури бўйича 4% ставкада ягона солиқ тўлови ҳисобланади ва бюджетга ўтказиб берилади. ЯСТнинг энг кам миқдорини қўллаш бўйича Адлия Вазирлигидан 2203-сон билан рўйхатдан ўтган Низом талабларига амал қилинади. Бугунги кунда алкоголли ичимликлардан ташқари салқин ичимликлар савдоси ҳам йўлга қўйилган. Агар салқин ичимликлар савдосидан тушган тушум алкоголли ичимликлар учун тушган тушумдан ортиб кетса ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда 2203-сонли Низом талаблари сақланиб қоладими ёки чакана савдо корхоналари учун ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш тартиби Адлия Вазирлигидан 2449-сон билан рўйхатдан ўтган Низом талаблари қўлланиладими?
Алкоголли ва салқин ичимликларини чакана савдоси билан шуғулланувчи корхона ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини қанақа тартибда ҳисоблаб чиқариши керак?
Экспертларнинг жавоблари:

ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш тартиби корхонанинг асосий фаолият туридан қелиб чиқиб қўлланилади. Асосий фаолият тури деганда юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолияти тушунилади (СК 22-моддаси).

Чакана савдо корхоналари ЯСТнинг энг кам миқдорини АВ 2449-сон билан рўйхатга олинган Низом асосида, айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар. ЯСТнинг энг кам миқдори ҳар чорак учун аниқланади.

Мазкур Низом ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури қонун ҳужжатларига мувофиқ фақат юридик шахс шаклида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари томонидан реализация қилинадиган товарларнинг чакана савдоси бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай корхоналар жумласига алкоголли ичимликларни савдоси билан шуғулланувчи корхоналар ҳам киради.

ЯСТинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш мақсадида, сиз корхонангизни асосий фаолият турини ҳар чоракда (ортиб борувчи тартибни қўлламаган ҳолда) аниқлашингиз лозим.

ЯСТнинг энг кам миқдорини аниқлаш тартибини келтирилган мисол асосида кўриб чиқамиз. Масалан:

1-чоракда:

- алкоголли ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум – 15,0 млн.сўм (60%);

- салқин ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум – 10,0 млн.сўм (40%).

1-чоракда алкоголли ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улушида устунлик қилмоқда, тегишинча ушбу давр учун корхонанинг асосий фаолият тури алкоголли ичимликларни чакана савдоси ҳисобланади.

Бу ҳолатда 1-чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори АВ 2203-сон билан рўйхатга олинган Низом асосида эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, ер солиғининг уч баравари миқдорида ҳисоблаб чиқарилади.  

2-чоракда:

- алкоголли ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум – 10,0 млн.сўм (40%);

- салқин ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум – 15,0 млн.сўм (60%).

2-чоракда салқин ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улушида устунлик қилмоқда, тегишинча ушбу давр учун корхонанинг асосий фаолият тури чакана савдо ҳисобланади.

Бу ҳолатда 2-чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори АВ 2449-сон билан рўйхатга олинган Низом асосида айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. 

3-чоракда:

- алкоголли ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум – 9,0 млн.сўм (60%);

- салқин ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум – 6,0 млн.сўм (40%).

3-чоракда алкоголли ичимликларни чакана савдосидан тушган тушум устунлик қилмоқда, тегишинча ушбу давр учун корхонанинг асосий фаолият тури алкоголли ичимликларни чакана савдоси ҳисобланади ва ЯСТнинг энг кам миқдори 2203-сонли Низом асосида ер солиғининг уч баравари миқдорида ҳисоблаб чиқарилади. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.