Саволнинг ID си: 7465
Корхонамиз ҳисобидан октябрь ойида штат рўйхатидаги ходимимиз учун авиабилет харид қилдик. Авиабилетнинг нархи – 1 213 898 сўм. Ушбу ходимимизга авиабилет учун тўлов – унинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланиши маълум. Октябрь ойида унинг жами даромади қуйидагини ташкил қилади: Иш хақи – 450 000сум Авиабилет - 1 213 898 сум Жами: 1 663 898.
1. Моддий наф тарзидаги даромаддан (авиачипта) ЖШДС қандай ҳисобланади ва у ҳисоботда қандай акс эттирилади? 2. Корхона ходими учун сотиб олинган авиачиптани расмийлаштириш учун авиачипта, шартнома ва ҳисобварақ-фактурадан ташқари яна қандай ҳужжатлар керак бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Корхонадан авиачипта олган ходимнинг даромади авиабилетнинг харид қийматига тенг бўлади. Агар у ҚҚС билан сотиб олинган бўлса, ушбу солиқ чипта қийматига киритилади.

Ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади авиабилетнинг қийматига - 1 213 898 сўмга тенг. Авиабилетнинг қиймати 1 213 898 сўм ва иш ҳақи 450 000 сўм ходимнинг йил бошидан олган ялпи даромадига қўшилади, ва ялпи даромаддан январь-октябрь ойи учун белгиланган шкала бўйича ЖШДС ҳисобланади. Ҳисоблаб топилган ЖШДС суммасидан ўтган ойларда ушлаб қолинган ЖШДС суммасини чегириб ташласак, октябрь ойида ушлаб қолиниши керак бўлган солиқ суммасини топамиз.

Авиачиптанинг қиймати солиққа тортиш мақсадида октябрь ойи учун иш ҳақи билан бирга ҳисоблаб ёзилади (Кт 6710), кейин эса тўлиқ қийматда «тўланади». Бунда ЖШДС умумий даромаддан ҳисобланади ва тўланадиган иш ҳақи суммасини камайтиради.

Моддий наф тарзидаги даромадлар ЖШДС ҳисоботида акс эттирилади (АВ 22.03.2013 й. 2439-сон билан рўйхатга олинган):

  • Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотлар - 004, 007,008,019-сатрларда.
  • Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкасида (1-Иловада)   –  2, 3 ва 6,7 - устунларда.
  • Жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадлар расшифровкасида (3-иловада) – 01, 04-сатрларда.

2. Ходимга авиачипта сотиб олиш учун шартнома ва ҳисобварақ – фактурадан ташқари ходимнинг аризаси ва корхона раҳбарининг буйруғини  расмийлаштириш керак бўлади.

Шунингдек, эслатиб ўтамизки, моддий наф тарзидаги даромадлар суғурта бадалларига ва ЯИТга тортилмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.