Саволнинг ID си: 7587
1. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва шаҳарда жойлашган корхонада бир неча йиллар аввал 200 бош қўйлар кирим қилинган. Чорвани асрашга шароитлар мавжуд бўлмаганлиги боис қўйлар кейинчалик бошма-бош қайтариб олиш шарти билан бошқа ташкилотга вақтинчалик берилган. Ушбу даврда жамият томонидан чорвачилик бўйича ҳеч қандай харажат амалга оширилмаган, яъни чорвачилик фаолияти юритилмаган. Жамиятда солиқ текшируви ўтказган инспектор, қоракўлчилик мутахассисининг хулосасига асосланиб ўтган йилларда қўйларни норматив кўпайиши сонини ҳисоб-қитоб йўли аниқлаб ҳозирги кундаги бозор нархларда баҳолаб, даромадлар яширилган деб СК 114-моддасига асосан солиққа тортди. 2. Корхонага балиқчиликни юритиш учун сув ҳавзаси ажратилган. Молиявий шароит сабабли у ерда балиқчилик фаолияти юритилмаган, фақат ижара, амортизация ва қоровуллар иш ҳақи каби мажбурий харажатлар амалга оширилган. Текшириш ўтказган инспектор балиқчилик мутахассисининг хулосасига асосланиб норматив бўйича овлаш мумкин бўлган балиқ миқдорини ҳисоб-қитоб йўли билан аниқлаб ҳозирги кундаги бозор нархларда баҳолаб, даромадлар яширилган деб СК 114-моддасига асосан солиққа тортди. 3. Керамзит ва оҳак цехларида маҳсулот ишлаб чиқариш учун баъзи ойларда белгиланган нормадан кўп ва баъзи ойларда кам табиий газ сарфланган. Солиқ текширувида газ сарфини текширган мутахассис меъёрдан ортиқча сарфланган газ миқдорини ҳисоблаб чиқди. Текширувчи инспектор меъёрдан ортиқча сарфга йўл қўйилган ойлар учун нормативга асосан ишлаб чиқариш мумкин бўлган тайёр махсулот миқдорини (4,8 минг м.куб керамзит ва 109,4 тонна оҳак) ҳисоб-китоб йўли билан аниқлаб ҳозирги кундаги бозор нархларда баҳолаб, даромадлар яширилган деб СК 114-моддасига асосан солиққа тортди. Текшириш давомида жамиятда юқоридаги соҳалар бўйича ҳисоб ҳужжатларининг йўқотилганлиги ёки йўқ килинганлиги, камомадларга йўл қўйилганлиги, реализация ҳужжатларининг ҳисоб регистрларига киритилмай қолганлиги, реализация ҳужжатларини сохталаштирилганлик ёки алм
Солиқ текшируви ўтказилаётганда ҳужжатларининг йўқотилганлиги ёки йўқ қилинганлиги, сохталаштирилганлик ёки алмаштирилганлик ҳолатлари аниқланмаган бўлса ҳам, солиқ органлари солиқ ва мажбурий тўловларни ҳисоб-китоб йўли билан аниқлашга ҳақлими? Чорвачилик ва балиқчилик соҳаларида ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган махсулот миқдорини нормативлар асосида аниқлаб, бозор нархларга асосланган ҳолда солиқ солиш базасини ва қўшимча солиқларни ҳисоблаб чиқариш қонунийми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, ҳақли. Солиқ органлари ҳисоб ҳужжатлари бўлмаганида ҳам бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ ва мажбурий тўловларни ҳисоб-китоб йўли билан аниқлаши мумкин.

Айрим ҳолатларда давлат солиқ хизмати (ДСХ) органлари бюджетга тўланиши керак бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ҳисоб-китоб қилиш орқали аниқлаши мумкин (СК 40-мод.). Ушбу ҳолатлар учун ДСҚ ва МВ томонидан махсус Низом ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (АВ рўй. № 2110 31.05.2010й.). Ушбу Низом ДСХ органлари томонидан солиқ тўловчи томонидан ҳисоб ҳужжатлари йўқотилган ёки йўқ қилинган тақдирда, хамда ҳисоб ҳужжатлари бўлмаганида қўлланилади.

Низомнинг III-қисмига мувофиқ, солиқ тўловчининг ҳисоб ҳужжатлари бўлмаганида ДСХ органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот тақдим этадиган органлар ва ташкилотлардан олинган маълумотлардан фойдаланиши мумкин.

Солиқ текширувлари ўтказилаётганда ДСХ органлари экспертни жалб этиш ва экспертиза тайинлашга ҳақлидир (СК 91-мод.). Экспертиза айрим соҳалар бўйича махсус билим талаб этилган тақдирда юзага келган масалаларни тушунтириш учун тайинланади. Жалб этилган эксперт ўз номидан ўзи ўтказган текширишлар, шу текширишлар натижасида қилинган хулосалар ҳамда ўртага қўйилган масалаларга асослантирилган жавоблар баён этилган ёзма шаклда хулосани беради (СК 97-мод.).

Сизнинг ҳолатда, ДСХ органлари томонидан солиқ текширувига қоракўлчилик, балиқчилик ва табиий газ ҳисоби соҳалари бўйича мутахассислар (экспертлар) жалб этилган. Ушбу экспертларнинг хулосалари ва жавобларига асосланиб, текширувчилар томонидан бюджетга тўланиши керак бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси ҳисоб-китоб қилиш орқали аниқланган.

Ушбу Низомда солиқ солиш базасини бозор нархларда аниқлаш тартиби кўзда тутилмаган. Лекин ДСХ органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини аниқлашда ўхшаш фаолият билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар нархларини қўллашлари мумкин.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда органлар ва ташкилотлардан олинган маълумотлар асосида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

- ДСХ органлари олинган маълумотлар асосида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобот даврига ўрнатилган ставкаларини қўллаган ҳолда солиқ солиш объектини ва солиқ солинадиган базани аниқлайдилар;

- агар олинган маълумотлар асосида солиқ солиш объектини ва солиқ солинадиган базани аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар солиқ ҳисоботини мунтазам тақдим этадиган ва ўхшаш фаолият билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар тўғрисидаги ахборотлар асосида ҳисоблаб чиқарилади (Низомнинг 14-банди, АВ рўй. № 2110 31.05.2010й.).

СК 114-моддаси қоидалари молиявий санкцияларига киради. Солиқ тўловчи юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади (СК 112-мод.). ДСХ органлари текширув натижасида берилган хулоса ва ҳисоб-китобларнинг асосланганлигини ва қонунийлигини судда исботлаб беришлари лозим бўлади.

Шахснинг айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунига қадар у солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор ҳисобланмайди (СК 108-мод.). Шунинг учун текширувга жалб этилган мутахассислар (экспертлар)нинг хулосалари асослантирилганлигига алохида эътибор қаратишингизни тавсия этамиз, чунки текширувчиларнинг ҳисоб-китоблари кўпроқ ушбу экспертларнинг хулосаларига асосланган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.