1. Ишлаш ва яшаш қўшимча харажатларни, ходимларда кўтарилган харажатларни талаб қиладиган табиий-иқлим шароитларида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ўлчами туман коэффициенти орқали кўпайтирилади. Туман коэффициентлари (ҳудудий, туман, чўл, сувсиз ва юқори тоғ жойларида) ва устамалари қўлланиладиган ҳудудлар рўйхати, уларни қўллаш тартиби ва миқдори ЎзР ҳукумати томонидан ҳар бир ҳудуд учун алоҳида белгиланади (алоҳида ҳолатларда – корхонанинг фоалият тури хусусиятларидан келиб чиқиб).
Чўл, сувсиз ва юқори тоғ жойларида ишлаганлик учун тўловлар қуйидаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади:
- "Навоий вилояти халқ хўжалиги тармоқлари ходимларининг иш ҳақини ҳудудий тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори (ВМ 20.04.1992 й. 200-сон);
- "Пенсиялар, стипендиялар ва бюджетдаги муассасалар ходимларининг иш ҳақи миқдорларини ошириш чоралари тўғрисида"ги Қарори (ВМ 04.09.1992 й. 407-сон);
- "Дўрмон-Қайнарсой" комплексларининг хўжалик ҳисобидаги бирлашган дирекциясини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори (ВМ 18.12.1995 й. 462-сон);
- Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда иш ҳақи фондини шакллантириш тўғрисида Низом (АВ томонидан 29.09.2000 й. 975-сон билан рўйхатга олинган), шунингдек, собиқ СССР томонидан қабул қилинган ва туман коэффициентларини қўллаш бўйича жорий қонунчиликка зид бўлмаган ҳужжатлар (қисмлари).
Туман коэффициенти корхонанинг ўзи қаерда жойлашганлигидан қатъий назар, энг аввало ходимнинг маълум бир шароитларда ишлаганлиги учун тўлов сифатида белгиланган. Коэффициент ва устамалар қўлланадиган ҳудудлар, шунингдек уларнинг миқдори ва қўллаш тартиби ҳақида аниқроқ маълумот олиш учун ЎзР Меҳнат Вазирлигига мурожаат қилишингизни маслаҳат берамиз. Мурожаатни қоғозда ёки электрон тарзда my.gov.uz сайти орқали юборишингиз мумкин.
2. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг Қарори билан ҳаракатланувчи автомобиль воситалари ва йўл қурилиши машиналари томонидан ёқилғи ва мойлаш маҳсулотларини сарфлаш меъёри тасдиқланган (28.07.2003 й. 05-20-сон).
Аммо, ёқилғи-мой материалларининг меъёрлари барча русумдаги автоуловлар учун белгиланмаганлигини ҳисобга олиб, корхона автоулов русуми ва ундан фойдаланиш хусусиятларини инобатга олган ҳолда мустақил равишда меъёрларни ишлаб чиқиши мумкин. Бунда автоуловнинг сервис китобчаси ҳамда ишлаб чиқарувчи завод сайтларидаги маълумотлардан фойдаланиш мумкин.
Зарур ҳолатларда (янги ишлаб чиқарувчи, янги русумдаги автоулов, бошқа турдаги ёқилғидан фойдаланиш, автоулов модернизациялаштирилган) корхона ЎзР ФА энергетика ва автоматика Институтига аниқ бир транспорт воситаси учун ёқилғи сарфи меъёрини ишлаб чиқиш мақсадида мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.