Саволнинг ID си: 7739
Ходим 0.5 ставкага ўриндошлик асосида ишга қабул қилинган. Ишга қабул қилинганда ЖШДС максимал ставкада ушлаб қолиш тўғрисида ариза қабул қилинган. Жамият ноябрь ойида 599 100 сўм миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам ажратган. Бош бухгалтер ушбу суммадан солиқ ушлаб қолган. Ходим бухгалтерияга ушлаб қолинган солиқ суммасини қайтариш тўғрисида мурожаат этиб, ушбу суммани жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида тўлашини айтди.
Ўриндошлик асосида ишловчи ходимга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратилган моддий ёрдам солиққа тортиладими? Ходим декларация асосида солиқни ўзи тўлаши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, ўриндошга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратилган моддий ёрдам ЖШДСга тортилади, айни пайтда солиқ суммаси тўлов манбаида ушлаб қолинади (СК 186-моддаси).

Агар асосий бўлмаган иш жойидан даромад олаётган жисмоний шахс бухгалтерияга ЖШДС энг юқори ставкаси бўйича ушлаб қолиш тўғрисида ариза берса, даромад тўлаётган корхона уни  имтиёзларни қўлламаган ҳолда энг юқори ставка бўйича ушлаб қолади.

Корхона ЖШДС ходимнинг декларация асосида мустақил равишда тўлаши ҳақидаги аризасидан қатъий назар солиқни ушлаб қолиши ва тўлаши керак. Чунки корхона – солиқ агенти солиқни тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида бюджетга тўланиши учун жавобгардир.

Жисмоний шахс корхона билан меҳнат алоқаларида бўлмаса, ва айни пайтда СК 177-моддасида кўрсатилган моддий наф тарзидаги даромад олса, корхона унинг аризаси асосида ЖШДСни ушлаб қолмаслиги мумкин бўлади (СК 184-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.