Саволнинг ID си: 7901
Солиқ текшируви натижасида ЖШДС қўшимча ҳамда мажбурий суғурта бадаллари ва ЯИТ камайтиришган ҳисобланган. ДСИ далолатномасида қўшимча ва камайтиришга ҳисобланган солиқ ва мажбурий ажратмаларнинг умумий суммаси кўрсатилган, айни қайси ходимларга қўшимча ва ортиқча солиқ ҳисобланганлиги рўйхати берилмаган. Ўтган йиллардаги ишчилар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шу боис даромад солиғига қўшимча ҳисобланган солиқлар тўғридан тўғри 9439 счётига ўтказилди. Камайтиришга ҳисобланган мажбурий суғурта бадаллари ва ЯИТ суммаларини МЧЖ ҳисоб рақамига қайтаришни имкони йуқлиги сабабли ДСИга берилган ёзма аризага асосан улар келгуси давр тўловлари ҳисобига ўтказилди. Солиқ текшируви якуни бўйича қуйидаги проводкалар қилинди: Дт6511-Кт8710 800000сум, Дт6512-Кт8710 200210сум.
1. Текшириш натижасида камайтиришга ҳисобланган мажбурий суғурта бадаллари ва ЯИТ бухгалтерия ҳисобида қанақа проводкалар билал акс эттирилади. 2. Камайтиришга ҳисобланган солиқ ва мажбурий ажратмалар суммасини меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларга қайтариб беришни имкони бўлмаса, уларни 3 йил даъво муддати ўтишини кутмасдан ҳисобдан чиқарса бўладими? 3. 9360 счётида акс эттирилган мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар солиққа тортиладими? 4. Агар ДСИдан пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича ортиқча тўловлар бизнинг ҳисоб рақамимизга келиб тушмаса уларни 9360 счётига ўтказиш керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

1.Бундан аввал ID 7297-сонли саволга берилган жавобда кўрсатилганидек солиқ текшируви натижасида камайтиришга ҳисобланган мажбурий суғурта бадаллари бухгалтерия ҳисобида қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:

- пенсия жамғармасига ортиқча тўланган мажбурий суғурта бадаллари 4520 счётининг дебетида бўнак тўловлари сифатида ва 6710 счётининг кредитида меҳнат ҳақи бўйича ходимлар олдида бўлган қарз сифатида акс эттирилади;

- ортиқча ушлаб қолинган мажбурий суғурта бадаллари суммасини ходимларга қайтариб беришни имкони бўлмаса, улар 6710 счётидан 6990 бошқа мажбуриятлар ҳисоби юритиладиган счётига олиб борилади;  

- даъво муддати ўтганидан сўнг ходимлар олдида бўлган қарздорликлар 6990 счётидан ҳисобдан чиқарилади ва 9360 кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар счётида акс эттирилади.

Текширишда аниқланган олдинги даврлар учун ЯИТ бўйича ортиқча тўловлар бухгалтерия ҳисобида 4520 «Мақсадли давлат жамғармаларига бўнак тўловлари» счётнинг дебетида 8710 «Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)» счётнинг кредити билан боғланган ҳолда акс эттирилади.

2. Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса ҳам ушбу ходим олдида меҳнат ҳақи бўйича бўлган қарзларни тўлаб беришни таъминлашингиз зарур. Чунки ходимнинг меҳнат ҳақидан ортиқча ушлаб қолинган тўловлар ушбу ходимга тўлиқ тўлаб берилмаган меҳнат ҳақи ҳисобланади. Хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари иш ҳақининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш ва ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун шахсан жавоб берадилар (ВМнинг 17.11.1999й. 504-сонли қарори 1-банди).

Агар объектив сабабларга кўра ходимлар олдида бўлган қарзларни қайтариб беришни имкони бўлмаса ушбу қарздорлик суммасини фақат даъво муддати ўтганидан сўнг ҳисобдан чиқаришингиз мумкин. Чунки фуқаролик қонун хужжатларига мувофиқ даъво муддати давомида шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин. Умумий даъво муддати уч йилни ташкил этади (ФКнинг 150-мод.).

Қарздорликни муддатдан аввал сиз фақат ходимнинг ёзма аризасига мувофиқ ҳисобдан чиқаширингиз мумкин. Ходим ўз аризасида унга тегишли бўлган қарздорлик суммасидан вос кечиб, корхона фойдасига ўтказиб беришга розилиги ҳақида кўрсатади.

3. Ҳисобдан чиқарилган мажбуриятлар юридик шахснинг бошқа даромадлари сифатида (СКнинг 132-мод.) фойда солиғи тўловчилари учун жами даромаднинг таркибига олинади (СКнинг 129-мод.), ЯСТ тўловчилари эса ялпи тушум таркибига қўшилади (СКнинг 355-мод. 2-қисм 2-банд) ва солиққа тортилади.

4. ДСИдан пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича ортиқча тўловлар корхона ҳисоб рақамига қайтарилмаса улар 4520 «Мақсадли давлат жамғармаларига бўнак тўловлари» счётида акс эттирилади ва келгуси давр тўловлари ҳисобига олинади. Улар 9360 счётига ўтказилмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.