Саволнинг ID си: 7915
Бизнинг корхона бошқа корхона томонидан (пахта толасидан ишлаб-чиқарилган ип-калавадан) ишлаб-чиқарилган хом трикотаж матони сотиб олиб, уни бўяшни амалга ошириб, чет элга экспорт қилишни режалаштирмокда. Хом трикотаж матони бўяш ишларини амалга ошириш технологик процесси ишлаб чиқилган.
Пахта толасидан тайёрланган хом трикотаж матони сотиб олиб, уни бўяш ишларини амалга оширилганда – ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот бўлиб ҳисобланадими? Ушбу маҳсулотни чет элга экспорт қилинганда солиқ тўловлари, божхона тўловлари ва валютани мажбурий сотув бўйича имтиёзлар олиш мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Сизнинг ҳолатингизда экспортдаги имтиёз ва преференцияларни қўллаш мақсадида сизнинг маҳсулотингиз ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот сифатида қаралмайди.

Хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан микрофирмалар, кичик корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми, экспорт товарларни белгиланган рўйхат бўйича амалга оширадиган корхоналардан ташқари озод қилинади (ВМ 29.06.2000й. 245-сон Қарорига 1-илованинг 3-банди).

Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш учун ўзи ишлаб чиқарган товар деганда корхона ўзи томонидан ишлаб чиқариш технологик жараёнини ҳисобга олган ҳолда, ўзига тегишли бўлган ёки жалб этилган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган ёки қайта ишланган маҳсулот (жумладан ярим тайёр маҳсулот) тушунилади (АВ томонидан 16.02.2011 й. 2195-сон билан рўйхатга олинган Қоиданинг, кейинги ўринларда Қоида деб юритилади, 5-банди).

Маҳсулотни ўз кучи билан ишлаб чиқарилган деб тан олиниши учун хом ашёга берилган қайта ишлов даражаси юқори бўлиши керак, яъни маҳсулот қайта ишланиши натижасида унинг ТИФ ТН кодининг дастлабки 4та сони ўзгариши керак. Яъни қайта ишлаш натижасида маҳсулотнинг ТИФ ТН кодининг дастлабки 4 та сони ўзгарса, у ўзи ишлаб чиқарилган маҳсулот деб ҳисобланади. Сизнинг ҳолатингизда эса ипни бўяш натижасида коднинг дастлабки 4 та сони ўзгармайди.

Қоидалар имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш тартибини белгиласада, ундан амалда барча юзага келадиган ҳолатларда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни аниқлаш учун фойдаланилади, чунки, ушбу саволни кўриб чиқадиган бошқа қонунчилик актлари мавжуд эмас.

Натижада, бизнинг фикримизча, сиз ишлаб чиқарувчи сифатида имтиёзлардан, масалан ЯСТ энг кам миқдорини ҳисоблашда пасайтирувчи коэффициентни қўллаш, ЯСТ ставкасини экспорт улушидан келиб чиқиб пасайтириш, экспортдан тушган валюта тушумини сотмаслик кабилардан фойдалана олмайсиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.