Саволнинг ID си: 8190
СКнинг 186-моддасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг ходимга илгариги асосий иш жойида тўловлар амалга оширилган тақдирда, мазкур тўловларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи СКнинг 179-моддаси 1-бандининг тўртинчи хатбошисида ҳамда 180-моддасида назарда тутилган имтиёзлар қўлланилмаган ҳолда солинади. Юридик шахс бу ходимга тўлаган даромаднинг жами суммаси ва ундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган умумий суммаси ҳақида бу юридик шахс ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ўттиз кун ичида ёзма шаклда маълум қилиши шарт. Меҳнат кодекси нормаларини бузиш бўлсада, одатда, фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация ва меҳнат шартномаси бекор қилинган ойдаги иш кунлари учун тўлов ходимга тегишли ой якуни билан берилади. Ҳозирда пластик карталар орқали ҳисоб-китоблар тизими мавжудлиги сабабли бу каби ҳолатларда ходимнинг қўлига тегадиган иш ҳақини унга тўлаб беришда ортиқча муаммо ҳам юзага келмайди.
1. Ишдан кетган ходимнинг қайси ташкилотга кетгани ва мазкур ташкилот қайси солиқ органида ҳисобга қўйилганини қандай аниқлаш мумкин? Маълум қилиш оддий ёзма шаклда бўладими ёки бу бўйича қандайдир ҳисобот ёки тартиб мавжудми? my.soliq.uz сайти орқали ҳам ушбу маълумотномани юборса бўладими? Солиқ хизмати органларида ушбу маълумот қандай аҳамият касб этади ва у бўйича қандай ҳаракатлар амалга оширилади? Солиқ органларига бундай маълумотномаларни беришга нима асос бўлиб хизмат қилади? 2. Маълумотда ходимга ишдан кетгандан сўнг ҳисобланган сумма кўрсатилиши керакми ёки тегишли ҳисобот йилидаги жами суммами?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Йил мобайнида ходимнинг асосий иш жойи ўзгарган тақдирда ушбу ходимга жорий йилда тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) суммалари тўғрисидаги маълумотнома берилади. Ушбу маълумотномани ходим янги асосий иш жойидаги бухгалтерияга дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар тақдим этиши шарт.

Агар ходим илгариги иш жойидан бундай маълумотномани тақдим этмаса, унда унинг янги асосий иш жойида ҳисобланган даромадларидан ЖШДС энг юқори ставкада ушлаб қолинади.

Меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг ходимга илгариги асосий иш жойида тўловлар ҳисобланса, ушбу тўловлар ходимнинг асосий бўлмаган иш жойидан олинган даромадлар бўлиб ҳисобланади.

Асосий бўлмаган иш жойида олинган даромадлардан ЖШДС икки ҳил тартибда ҳисобланиши мумкин: белгиланган шкала бўйича ёки ходимнинг ёзма аризасига асосан энг юқори ставкада. Агар ЖШДС белгиланган шкала бўйича ҳисобланса, унда ушбу даромадлар тўғрисида юридик шахс рўйхатга қўйилган давлат солиқ хизмати органига 30 кун ичида белгиланган шаклда маълумот бериши шарт. Агарда ушбу даромадлардан ЖШДС энг юқори ставкада ушлаб қолинган бўлса, бундай маълумот солиқ органига тақдим этилмайди.

Маълумотнома сизнинг ташкилотингиз қайси солиқ органида рўйхатга қўйилган бўлса, ўша солиқ органига тақдим қилинади. СКнинг 186-моддаси 7-қисмида айнан шу назарда тутилган. Яъни ишдан кетган ходимнинг қайси ташкилотга кетгани ва мазкур ташкилот қайси солиқ органида ҳисобга қўйилгани ҳақидаги малумотлар сиз учун ахамияти йўқ.

Маълумотноманинг шакли Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тасдиқланган солиқ ҳисоботи шаклларида келтирилган (АВ 22.03.2013й. 2439-сон билан рўйхатга олинган, МВ ва ДСҚнинг 04.03.2013й. 23, 2013-8-сон қарорига 2-илова).

Албатта, ушбу маълумотномани my.soliq.uz сайти орқали юбориш мумкин.

Ушбу маълумотни 30 кун ичида давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиши шартлиги СКнинг 187-моддаси 1-бандида белгилаб қўйилган. Солиқ хизмати органига ушбу маълумот жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш жараёнида зарур бўлади.

2. СКнинг 186-моддаси 7-қисмида назарда тутилган маълумотномада жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олинган маълумотлар кўрсатилади. Сизнинг ҳолатда маълумотномада фақат ходимга ишдан кетгандан сўнг ҳисобланган даромад суммаси кўрсатилиши керак.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.