Саволнинг ID си: 8444
Бизнинг МЧЖ 2016 йил декабр ойида янги (2016 йил апрелда ишлаб чиқарилган) асбоб-ускуналарни импорт асосида олиб келди. Улар ҳисобига корхонамиз ишлаб чиқаришни кенгайтиришга эришди.
Янги технологик асбоб-ускуналарни сотиб олган корхона АВда 11.06.2007й. 1688-сон билан рўйхатга олинган Низомга асосан имтиёзларни қанақа тартибда қўллаши мумкин? Ушбу имтиёзлар ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобида қандай тартибда акс эттирилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Янги (чиқарилган санадан бошлаб уч йилдан ошмаган) технологик асбоб-ускуналарни фойдаланишга жорий этган ЯСТ тўловчи корхоналарнинг ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базаси янги технологик асбоб-ускуналар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтирилади (СКнинг 356-моддаси).

Ушбу солиқ имтиёзини қўллаш тартиби АВда 11.06.2007й. 1688-сон билан рўйхатга олинган Низомда белгиланган. Бунда солиқ солинадиган базани камайтириш технологик асбоб-ускуналарни фойдаланишга жорий этилган солиқ давридан бошлаб 5 йил мобайнида амалга оширилади.

ЯСТ бўйича имтиёз барча фаолият турлари бўйича тушган умумий ялпи тушум суммасига нисбатан қўлланилади.

Агар қайта киритилаётган жиҳознинг қиймати жорий солиқ даврда солиқ солиш базасининг 25 фоизидан ошиб кетса, у ҳолда ортган сумма келгуси солиқ даврларида 5 йил муддат доирасида, белгиланган чеклашларни ҳисобга олиб чегирилиши мумкин.

Янги технологик асбоб-ускуналар олишга йўналтирилган маблағлар суммаси Ҳисоб-китоби ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботи шаклларининг 5-иловасида акс эттирилади.

Солиқ солинадиган базанинг камайтириш суммаси 5-илованинг 050-сатрида акс эттирилади ва ушбу сумма ЯСТ ҳисоб-китобининг 4-иловасининг 010-сатрига ҳамда ЯСТ ҳисоб-китобининг 0502-сатрига олиб ўтилади.

Агар корхона бир неча фаолият турларини амалга ошираётган бўлса, унда солиқ солинадиган база барча фаолият турлари бўйича пропорционал равишда камайтирилади.

ЯСТ бўйича солиқ имтиёзини қўллаш тартибини мисолда кўриб чиқамиз.

Мисол. Корхона жорий йилнинг феврал ойида янги технологик жиҳозни 100 млн. сўмга сотиб олди ва март ойида ушбу жиҳозни фойдаланишга жорий этди. Жорий йилда корхонанинг жами ялпи тушуми 260 млн. сўмни ташкил этди, ундан 1-чоракда 80 млн. сўм, яримйиллик якуни бўйича 120 млн. сўм, 9-ойлик якуни бўйича эса 170 млн. сўм.

Бизнинг мисолда ҳар чоракда солиқ солинадиган базани камайтириш қуйидагича амалга оширилади (млн. сўм):

Ҳисобот даври

ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база

Камайтириш суммаси

Камайтирилган солиқ солинадиган база

1-чорак

80

=80 *25% = 20

=80 - 20 = 60

1-яримйиллик

120

=120 *25% = 30

=120 - 30 = 90

9-ойлик

170

=170 *25% = 42

=170 - 42 = 128

Йил якуни

260

=260 *25% = 65

=260 -65 = 195

Келтирилган мисолда корхона жорий йилда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани 65 млн. сўмга камайтиришга ҳақли. Технологик жихозни сотиб олишга кетган қолган 35 млн. сўм (100 – 65) кейинги солиқ даврида солиқ солинадиган базани камайтиради.

Солиқ солинадиган базасини камайтириш кўринишдаги ЯСТ бўйича имтиёз мақсадли фойдаланадиган имтиёз турига кирмайди. Шунинг учун ушбу имтиёзни қўллаш натижасида бўшаган маблағлар бухгалтерия ҳисобида алохида акс эттирилмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.