Саволнинг ID си: 8602
Корхонамизда ҳар хил размердаги металл шуруп ва саморезларни ишлаб чиқаришни йулга кўйилди. Ушбу махсулотни ишлаб чиқариш учун хом ашёни, яъни метал сим махсулотини чет давлатдан (Хитой) олиб келинади. Металл симлар корхонамизда қайта ишланади: 1) сим шуруп (саморез) холатига олиб келинади, 2) шуруп қиздирилиб қотирилади (закалка), 3) буялади ранг берилади.
Металл шуруп ва саморезларни ишлаб чиқаришда божхона ва солиқ имтиёзлари борми?
Экспертларнинг жавоблари:

Айнан металл шуруп ва саморезларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун алоҳида қонун хужжатлари билан солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар белгиланмаган.

Лекин, корхонангиз ушбу металл буюмларни ишлаб чиқаришда сотиб олинган янги технологик асбоб-ускуналарни ишлатаётган бўлса, унда Адлия вазирлигида 11.06.2007й. 1688-сон билан рўйхатга олинган Низомга мувофиқ ушбу технологик асбоб-ускуналарни олишга йўналтирилган маблағлар суммасига ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани қамайтирган ҳолда солиқ ҳисоблашингиз мумкин. Бунда солиқ солинадиган база кўпи билан 25 фоизига камайтирилади ва технологик асбоб-ускуналар фойдаланишга жорий этилган солиқ давридан бошлаб беш йил мобайнида амалга оширилади.

Юқоридаги Низом асосида божхона тўловлари бўйича имтиёз технологик жиҳоз ва унга тегишли бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг қўшилган қиймат солиғи ва импорт божхона божларидан озод қилиш кўринишида берилган.

Агар корхонангиз қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ташкилот сифатида «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖга ёки ушбу МЧЖ билан шартномалар тузган пудрат ташкилотларига қурилиш материалларини реализация қилса, унда 2017-2021 йилларда ушбу реализация қилинган ҳажмлардан солиқлар тўламайди (Президентнинг 21.10.2016й. ПҚ-2639-сонли қарори 12-банди).

Агарда корхонангиз кичик тадбиркорлик субъекти сифатида янги ташкил этилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ёки Хоразм вилоятида жойлашган бўлса, унда Президентнинг 18.01.2017й. ПҚ-2731-сонли қарорига асосан 2022 йил 1 январига қадар муддатга ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилинади. Бунда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой туманларида, Хоразм вилоятининг Янгиариқ ва Қўшкўпир туманларида жойлашган корхоналар учун имтиёз муддати 2027 йилнинг 1 январига қадар белгиланган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.