Саволнинг ID си: 8674
Солиқ ҳисоботи белгиланган муддатнинг сўнгги куни ўз вақтида электрон тарзда топширилди. Лекин унда хатолик мавжудлиги сабабли ҳисобот келгуси куни қайтарилди. Ҳисоботдаги хатоликлар тўғриланиб, у қайтадан топширилди.
1.Ҳисобот муддатидан ўтиб топширилган ҳисобланадими ёки неча кун ичида мавжуд хатоликни тўғрилаб топшириш ҳисоботни ўз вақтида топширган деб қаралади? 2.Кейинги сафар жўнатилган ҳисобот солиқ органлари томонидан муддатида топширмаганлик бўйича далолатнома тузиш ва шу каби важлар билан қабул қилинмасдан орқага қайтарилиши қонунийми?
Экспертларнинг жавоблари:

1.Тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этади. Солиқ ҳисоботи дастлабки тарзда камерал назорат қилинмасдан ва унинг мазмуни муҳокама этилмасдан қабул қилинади (СКнинг 45-моддаси).

Ҳисобот электрон ҳужжат тарзида қабул қилиб олинганда, давлат солиқ хизмати органларининг дастурий-аппарат воситалари ҳисоботни автоматик тарзда қабул қилинишини, шунингдек солиқ тўловчига электрон тарзидаги ҳисобот қабул қилиб олинганлиги тўғрисида тасдиқномани юборилишини таъминлайди. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этишга (АВ томонидан 12.07.2016 й. 2808-сон билан рўйхатга олинган Низомнинг 6-банди):

  • молиявий ва солиқ ҳисоботининг мажбурий реквизитлари мавжуд бўлганда;
  • электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботларда электрон рақамли имзо мавжуд бўлганда;
  • электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботлар белгиланган шаклда тақдим этилганда рухсат берилади.

Яъни, ушбу белгиланган талабларнинг биронтаси бажарилмаганда, дастурий-аппарат воситалари ҳисоботни автоматик тарзда қайтаради. Амалда бундай ҳолларда ҳисоботда хатоликлар борлиги сабабли қайтарилганлиги 1 дақиқагача вақт оралиғида кўринади. Шу сабабли, бундай хатоликларнинг олдини олиш мақсадида ҳисобот жўнатилгач, унинг жўнатилган ҳисоботлар рўйхатига ўтишини назорат қилиш зарур.

Ҳисобот дастлабки камерал назоратисиз қабул қилинишини эътиборга олсак, эҳтимолки, сиз жўнатган ҳисобот жўнатилган ҳисоботлар рўйхатига ўтмасдан, балки автоматик қайтарилган ва хатоликлари мавжуд ҳисоботлар рўйхатига ўтган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда ҳисобот тақдим этилган (жўнатилган) деб ҳисобланмайди.

Шунингдек, солиқ ҳисоботи қуйидаги ҳолларда давлат солиқ хизмати органига тақдим этилмаган деб ҳисобланади, агар унда:

Белгиланмаган шаклдаги солиқ ҳисоботи тақдим этилганда давлат солиқ хизмати органи ҳисобот олинган кундан эътиборан 3 кун ичида бу ҳақда солиқ тўловчига ёзма билдириш юборади ва аниқ фикр-мулоҳазаларни кўрсатган ҳолда уни маромига етказиш учун қайтаради.

Камчиликлари тузатилган солиқ ҳисоботи уни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугагунига қадар тақдим этилган тақдирда, солиқ тўловчига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди (СКнинг 45-моддаси).

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан Солиқ Кодексида белгиланган муддатларда тақдим этилади (СК 164-моддаси, 187-моддаси, 192-моддаси, 225, 239-моддалари, 247-моддаси, 271-модда, 300-моддаси, 310-моддаси, 315-моддаси, 319-моддаси, 325-4-моддаси, 360-моддаси, 369-моддаси).

Масалан, апрель ойи учун ЯИТ бўйича ҳисобот топшириш муддати 25 май бўлиб, уни сиз топшириш муддатининг сўнгги куни – 25 майда жўнатдингиз. Аммо эртаси куни солиқ органлари томонидан юқоридаги хатоликлар аниқланиб, ҳисобот қайтарилди. Камчиликлари тузатилган  ҳисоботни эса уни топшириш учун белгиланган муддат тугагач, яъни 26 май куни топширдингиз. Бундай ҳолда ҳисобот ўз вақтида тақдим этилмаган деб ҳисобланади. Чунки, солиқ ҳисоботини давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш санаси – электрон ҳужжат давлат солиқ хизмати органи томонидан олинган сана ҳисобланади (СКнинг 45-моддаси).

Солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик  ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (СКнинг 115-моддаси; МЖтК 175-моддасининг биринчи қисми).

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳисоботларни белгиланган муддатнинг сўнгги кунига қолдирмаслик лозим. Агар шундай қилинса, юқоридаги каби кутилмаган бирон бир хатолик билан ҳисобот қайтарилган ҳолатда ҳам ҳисоботни муддат сўнггигача топширишга улгуриш, ва натижада молиявий жарималарнинг олдини олишга эришиш мумкин.

2.Солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаслик –солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши ҳисобланади. Солиқ органлари бундай ҳолатда жавобгарлик чораларини кўришга масъулдирлар. Солиқ тўловчининг солиққа оид ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик чораларини қўллаш билан боғлиқ ишларга солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва молиявий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаблар ҳам киради (ЎзР Олий хўжалик суди Пленумининг 18.06.2010 й. 210-сон қарори 19-банди).

Солиқ ҳисоботини ўз вақтида топширилмаганда солиқ органлари солиқ тўловчи берган тушунтириш хати асосида баённома расмийлаштириб, шу асосда маъмурий жавобгарликка тортади. Мос равишда, солиқ органи ўзига берилган ваколат билан жаримани ундириш учун сиздан қайта юборилган солиқ ҳисоботини қабул қилмаётган бўлиши эҳтимол. Қонун ҳужжатларида ҳисобот қайта топширилганда уни жаримани ундириш учун қабул қилмаслик тўғридан тўғри белгиланмаган бўлсада, назарда тутингки, бу ҳолат шундайлигича давом этса, солиқ органлари банк ҳисоб рақамидаги операцияларни тўхтатиб қўйиши, ва ушбу ҳаракатларингиз учун қўшимча яна молиявий санкцияларни қўллаш ҳақида корхонангизнинг масъул шахсларини судга бериши мумкин. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.