Саволнинг ID си: 8779
2016 йилда тузилган товар қарз шартномаси асосида «Альфа» МЧЖ (ЯСТ тўловчиси) ўз ишлаб чиқаришда фойдаланиш мақсадида «Бета» МЧЖдан икки турдаги маҳсулотларни (А-маҳсулотни 1 200 сўмдан, Б-маҳсулотни 600 сўмдан) кайтариб бериш шарти билан олган. Ушбу қарзни қайтариш учун «Альфа» МЧЖ 2017 йилда олди-сотди шартномаси асосида учинчи шахсдан А-маҳсулотни 1 400 сўмдан, Б-маҳсулотни 400 сўмдан сотиб олиб, «Бета» МЧЖга қайтариб берганда. Бунда «Альфа» МЧЖ А-маҳсулотни кайтаришда 200 сўм зарар кўрган (1 200-1 400), Б-маҳсулотни қайтаришда эса 200 сўм фойда олган (600-400).
Агар қарз шартномаси асосида қайтарилаётган товар нархлари олинганидан фарқ қилса, ЯСТ тўловчиси бўлган қарз олувчи корхонада қандай солиқ мажбуриятлари юзага келади?
Экспертларнинг жавоблари:

Агар товар қарз шартномаси асосида олинган хом-ашё материалларини қайтаришда олинган ва қайтарилаётган материаллар нархлари ўртасида ижобий фарқ бўлса, қарз олувчи корхонада бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромадлар юзага келади.

Материаллар чиқиб кетишидан олинган даромадлар бошқа даромадлар таркибига киритилади (СКнинг 132-моддаси 1-банди). Бунда солиққа тортиладиган даромад сифатида уларнинг чиқиб кетишидан олинган фойда назарда тутилади (СКнинг 133-моддаси). Товар-моддий захираларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) товар-моддий захираларнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг баланс қиймати ва товар-моддий захираларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқларни чегириш орқали аниқланади (4-сон БҲМСнинг 50-банди).

ЯСТ тўловчи корхонанинг бошқа даромадлари ЯСТ бўйича солиққа тортиладиган базага киритилади (СКнинг 355-моддаси) ва асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкалари бўйича солиққа тортилади.

Сиз келтирган мисолда балансга 1200 сўмдан қабул қилинган А-маҳсулотларни қайтаришда уларни 1400 сўмдан сотиб олиб товар қарзи қайтарилмоқда. Ушбу операция натижасида корхона ҳар бир бирлик маҳсулот чиқиб кетишидан 200 сўм зарар кўрмоқда (1200-1400). Материаллар чиқиб кетишидан кўрилган зарар ЯСТ бўйича солиққа тортиладиган базага таъсир этмайди.

Б-маҳсулотни қарзга олишда балансга маҳсулот бирлиги 600 сўмдан кирим қилиниб, қарздорликни сўндиришда эса 400 сўмдан харид қилинган материаллар қайтарилмоқда. Ушбу операция натижасида корхона ҳар бир маҳсулот бирлиги чиқиб кетишидан 200 сўмдан фойда олмоқда (600-400). СКга мувофиқ ушбу ҳолатда материаллар чиқиб кетишидан олинган фойда бошқа даромадлар таркибида корхонанинг асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкаси бўйича солиққа тортилиши керак.

Келтирилган саволда товар қарз шартномасида фоизлар тўлови назарда тутилганми ёки йўқлиги ҳақида маълумот берилмаган. Эслатиб ўтамизки, қарз шартномаси асосида мулкдан корхона беғараз фойдаланганда (яъни фоиз тўловисиз), корхонада ЯСТга тортилувчи  текин олинган мулкий ҳуқуқ шаклида бошқа даромад юзага келади (СКнинг 135-моддаси). Ушбу даромадларни аниқлаш тартиби ва солиққа тортиш тўғрисида батафсил ушбу жавобда ўқишингиз мумкин: http://kadrovik.uz/question/7977.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.