Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган корхоналар, ягона солиқ тўловини тўлашни назарда тутадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини ёки умумбелгиланган солиқлар тўлашни танлашга ҳақли (СКнинг 351-моддаси).
Кичик тадбиркорлик субъектлар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар киради. Бунда ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (СКнинг 350-моддаси).
Сизнинг ҳолатда, корхонангиз 2016 йил якуни бўйича ВМнинг 11.10.2003й. 439-сонли қарори билан тасдиқланган Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхона ва ташкилотларнинг Таснифлагичига мувофиқ ходимларнинг ўртача йиллик сони бўйича мезонга мос келадиган бўлса, 2017 йилда ягона солиқ тўловини тўлаши мумкин.
Ушбу Таснифлагичга асосан трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона (ХХТУТ коди 17151) кичик тадбиркорлик субъектига тегишли бўлиши учун, унинг ходимларнинг ўртача йиллик сони 200 кишидан ошмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ҳамда олий таълим муассасаларининг битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилган тақдирда, банд бўлган ходимларнинг белгиланган ўртача йиллик сони кўпи билан 50 фоизга оширилиши мумкин. Ходимлар сонининг оширилишига Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ўқишни тугаллаган кунидан бошлаб кўпи билан уч йил ўтган бўлса, йўл қўйилади («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддаси).
Демак, трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонанинг банд бўлган ходимларнинг ўртача йиллик сони 100 нафар касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ҳамда олий таълим муассасаларининг битирувчиларига оширилган ҳолда 300 кишидан ошиб кетмаса, корхона кичик тадбиркорлик субъектига тегишли бўлади ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллашга ҳақли бўлади.
Агарда корхонангиз 2016 йил якуни бўйича ходимларнинг ўртача йиллик сони бўйича белгиланган мезонга мос келмаса, унда 2017 йилда умумбелгиланган солиқларни тўлаши керак.
2017 йил якуни бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотлар ВМнинг 24.08.2016й. 275-сонли қарори билан тасдиқланган Таснифлагичга мувофиқ аниқланади.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.