Саволнинг ID си: 9097
Корхонамиз МЧЖ. Омборхона мудири (айни пайтда МЧЖ таъсисчиси)нинг аризасига биноан 2016 йил октябрь ойида талаба ўғлининг контракт суммасига 8 000 000 сўм ўтказиб бердик. Ходимнинг ойлик маоши 800 000 сўм деб белгиланган. Унинг ихтиёрига кўра маошидан 50% ошмаган ҳолда контракт суммаси бугунги кунгача ушлаб келинмоқда ва даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланмоқда.
Агар корхона ходими фарзандининг ОЎЮда ўқиши учун 2016 йилда контракт пулини тўлаб берган бўлса, ушбу сумма 2017 йилда ходим ойлигидан ушлаб қолинганда, унга солиқ имтиёзи тадбиқ этиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, 2016 йилда ОЎЮда 26 ёшга тўлмаган фарзандининг ўқиши учун қайтариш шарти билан корхона томонидан тўланган суммалар 2017 йилда ходимдан ушлаб қолинганда унга ЖШДС бўйича имтиёзлар тадбиқ этилади.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромадларини ЎзР олий ўқув юртларида ўзининг ўқиши ёки 26 ёшгача бўлган ўз фарзандларининг ўқиши учун йўналтириладиган суммаларига камайтириш  кўринишида берилади (АВ 27.02.2010й. 2107-сон Низомнинг 2-банди).

Ота – она бўлмиш ходим ўз даромадини ўқиш учун тўловга корхона олдидаги қарзини узиш орқали 2017 йилда йўналтирмоқда.

Агар ҳисобот солиқ даврида солиқ чегирмасини тўлиқ қўллашнинг имкони бўлмаса (жами йиллик даромад суммаси таълим олиш учун ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасидан кам бўлса), унинг қолдиғи кейинги солиқ даврларига кўчирилмайди.

 Бошқача айтганда, даромадлар 2017 йилда ишлаб топилмоқда, ва улар ўқиш учун мос равишда 2017 йилда йўналтирилмоқда, демакки ушбу харажат 2017 йилда юзага келмоқда.

Агар тўлов-контракт асосида ўқиш учун шартнома талаба ва ОЎЮ ўртасида тузилган бўлса, корхона таъсисчи фарзандининг ўқишига тўловни унга ҳисобланган дивидендлар ҳисобига, ва/ёки унга қайтариш шарти билан берилган қарз ҳисобига тўлаши мумкин. Бунда таъсисчи-ходим ва корхона ўртасида қарз шартномаси расмийлаштирилиши, унда ОЎЮга тўловнинг ўтказилиш, қарзнинг қайтарилиш тартиби (келгасидаги дивидендлар ҳисобига, ойлик маошидан чегириб қолиш ҳисобига, ёки корхона ҳисобрақамига пул киритиш орқали) ва муддатлари кўрсатилиши керак.

Агар ходимнинг фарзанди 26 ёшга тўлмаган бўлса, ва тўлов ЎзР ОЎЮда ўқиш учун амалга оширилган бўлса, ходим ўз фарзандининг ўқишига йўналтирган (қарзни қайтариш орқали) барча даромадларига СКнинг 179-моддаси 31-банди ва 2107-сон Низомга кўра солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Бунда имтиёзни қўллаш тўлов манбаида (корхона томонидан) амалга оширилиши ёки тўлов манбаида қўлланмаган бўлса, йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш чоғида солиқ органлари томонидан қўлланиши мумкин (2107-сон Низомнинг 14-банди). Айтиш жоизки, имтиёзлар таъсисчи ходимнинг солиқ солинадиган барча даромадларига, демакки иш ҳақи билан бир қаторда дивиденд сифатидаги даромадларига ҳам тадбиқ этилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.