Саволнинг ID си: 9155
2016 йилнинг апрель ойида давлат рўйхатидан ўтган қўшма корхонанинг устав фонди 200 000 АҚШ долларни ташкил этади ва у қуйидагича улушларга тақсимланган: резидент жисмоний шахс – 100 000 АҚШ доллари; норезидент юридик шахс – 100 000 АҚШ доллари. Ушбу қўшма корхона устав фондини жорий ойда 400 000 АҚШ долларгача (тенг улушларда) кўпайтирмоқчи.
Агар 2016 йилда ташкил этилган қўшма корхонанинг 200 000 АҚШ долларига тенг устав фонди 400 000 АҚШ долларига етказилса, у хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхона сифатида солиқ имтиёзларини қўллаши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Президентнинг 11.04.2005й. ПФ-3594-сонли Фармони билан тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ва белгиланган рўйхат бўйича иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга (хизматлар кўрсатишга) ихтисослаштирилган корхоналар учун солиқ имтиёзлари берилган бўлиб, уларни қўллаш тартиби Низом билан белгиланган (АВда 26.08.2016й. 2822-сон билан рўйхатга олинган, кейинги ўринларда – Низом).

Ушбу солиқ имтиёзларини қўллаш учун тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларнинг ҳажми камида 300 минг АҚШ долларини ташкил этиши керак.

Бундан ташқари корхона қуйидаги шартларга ҳам бир вақнинг ўзида жавоб бериши керак:

  • энг аввал корхона Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти худудларидан ташқарида жойлашган бўлиши керак. Бунда корхонанинг нафақат юридик манзили, балки амалга жойлашган ҳудуди инобатга олинади;
  • хорижий инвестициялар Ўзбекистон Республикасининг кафолати берилмаган ҳолда киритилиши лозим;
  • корхонанинг устав капиталида хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 33 фоизни ташкил этиши лозим (АЖлар учун 15 фоиз);
  • хорижий инвестициялар эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида қўйилиши керак;
  • имтиёзлардан олинган даромаднинг камида 50 фоизини корхонани янада ривожлантириш мақсадида қайта инвестициялашга йўналтириши керак.

Сизнинг ҳолатда қўшма корхонанинг 400 минг АҚШ долларига тенг бўлган устав фондида хорижий инвесторнинг улуши фақат 200 минг АҚШ долларини ташкил этади. Шунинг учун хозирда корхонангиз ушбу солиқ имтиёзлардан фойдалана олмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.