Саволнинг ID си: 9352
2017 йилда акциядорлик жамиятининг 2014, 2015,2016 йиллардаги молиявий хўжалик фаолияти текширишдан ўтказилди.
1. Текшириш натижасида қўшимча ҳисобланган солиқларнинг суммаси йиғилиб бориладиган фойда ҳисобидан қопланадими ёки давр харажатларида акс эттириладими? 2. Ишчи-ходимларга фарзандлари учун сотиб олинадиган ўқув қуролларини компенсациялаш сифатида бериладиган маблағларни солиққа тортиш қандай амалга оширилади?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Текшириш натижасида қўшимча ҳисобланган солиқларнинг суммасини уларнинг фундаментал (муҳим) ёки арзимайдиган даражада эканлигидан келиб чиқиб бухгалтерияда акс эттирилади.

Қўшимча ҳисобланган солиқлар олдинги даврлардаги молиявий ҳисоботларни тайёрлаш чоғида йўл қўйилган xатолар сифатида қаралади. Улар хато аниқланган жорий давр молиявий ҳисоботида акс эттирилади (3-сон БҲМС 16-банди).

Ўтган даврда йўл қўйилган фундаментал (муҳим) хатоларни тузатиш суммаси молиявий ҳисоботда йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш ҳамда активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишлар киритиш йўли билан акс эттирилиши мумкин (АВ 24.01.2003 й. 1209-сон билан рўйхатга олинган Буйрукнинг 15-банди). Бунда тақсимланмаган фойда сальдосидаги ўзгариш сабаблари жорий йил учун молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида очиб берилиши керак.

Жиддий хатолар - жорий даврда аниқланган хатолар бўлиб, улар шу қадар муҳим бўладики, олдинги даврлар учун тузилган молиявий ҳисоботлар ишончли деб ҳисобланмаслиги мумкин (3-сон БҲМС 5-банди). Унинг миқдорини корхона мустақил равишда белгилайди ва ҳисоб сиёсатида акс эттиради.

Улар қуйидагича ўтказмалар билан бухгалтерияда акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счетлар корреспонденцияси

Дебет

Кредит

Ўтган йиллар учун қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаси тақсимланмаган фойда ҳисобидан қопланди

8710 "Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)"

6410 "Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)"

Мажбурий тўловлар бўйича қўшимча ҳисобланган суммалар

8710 "Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)"

6500 "Суғурта ва мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар"

Солиқлар бўйича ҳисобланган пенялар жорий давр харажатларига олиб борилади

9430 " Бошқа операцион харажатлар"

6410 "Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)"

Агар хатолар арзимайдиган даражада бўлса, улар давр харажатлари таркибига киритилади.

Бухгалтерия ҳисобида арзимайдиган даражадаги хато деб тан олинган қўшимча ҳисобланган солиқ суммасига қуйидагича ўтказма берилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счетлар корреспонденцияси

Дебет

Кредит

Текшириш натижасида қўшимча ҳисобланган солиқлар давр харажатларига киритилди

9430 «Бошқа операцион харажатлар»

 

6410 «Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»

2. СКда фарзандлари учун сотиб олинадиган ўқув қуролларини компенсациялаш юридик шахснинг харажатлари сифатида белгиланмаган. Бу ҳолатда ходимларга берилган бундай маблағлар СКнинг 173-моддаси 4-бандида кўрсатилган моддий ёрдам сифатида қаралади. СКнинг 173-моддасида белгиланган даромадлар иш ҳақи тарзидаги даромад ҳисобланиб, уларга умумбелгиланган тартибда ЖШДС, суғурта бадаллари, ЯИТ ва ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ҳисобланади. Қонунчиликда ушбу тўловларга солиқ имтиёзлари назарда тутилмаган. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.