Саволнинг ID си: 9528
Таъсисчилар қарорига асосан ЯСТ тўловчи (ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчи) "А" корхона ва "Б" корхона (микрофирмалар) қўшиб юборилиши эълон қилинди. "А" корхонанинг 3-чоракда товар айланмаси қуйидагича: трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш - 71%, дори-дармон воситалари улгуржи савдоси - 27%, мулкни ижарага бериш - 2%. Корхона ЯСТ бўйича Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сонли Қарорига асосан белгиланган имтиёзни қўллаб келган. Шунингдек, "Б" корхонанинг 3-чоракда товар айланмаси қуйидагича:улгуржи савдо -99,8%, воситачилик фаолияти - 0,2%. "Б" корхона ЯСТ бўйича тегишли имтиёзга эга эмас.
1. А" ва "Б" корхоналар 4-чоракдан бошлаб қўшиб юбориладиган бўлса, "Б" корхонанинг товар айланмаси ҳажми суммаси "А" корхонанинг йиллик ҳисоботида акс эттириладими? Тушум ва 2 та корхона тўлаган ЯСТни Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китобида қандай қилиб кўрсатиш керак? 2. Ушбу ҳолатда Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сонли Қарорига асосан белгиланган солиқ имтиёзидан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қоладими?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисобот кўрсаткичларини шакллантириш тартиби "Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш" 23-сон БҲМСнинг  5-параграфида белгиланган (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган )

23-сон БҲМСнинг 29-бандига биноан ўз фаолиятини тўхтатаётган барча қайта ташкил этилаётган микрофирмалар вужудга келган корхона ҳақидаги ёзув Юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилишидан олдинги кунгача бўлган ҳолатга кўра якуний молиявий ҳисобот тузадилар. У тузилгунга қадар даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш счётлари ёпилади ва соф фойда суммаси муассисларнинг қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори (шартномаси)да белгиланган мақсадларга йўналтирилади (тақсимланади). Бундан келиб чиқадики, ҳуқуқий ворис корхона ўз ҳисоботи ва ўзининг ҳисобварақларида қўшиб юборишда иштирок этган микрофирмаларнинг тушумини кўрсата олмайди. Тегишинча, ЯСТ ҳисоб-китобини тўлдираётганда фақат ҳуқуқий вориснинг ўзи қайта ташкил этишдан кейин олган тушуми кўрсатилади ва ундан келиб чиқиб ҳисоблаб ёзилади ҳамда ЯСТ ҳисоботида кўрсатилади.

Солиқ кодексига асосан 2 та микрофирма қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил этилаётганда ҳар бир микрофирмага солиқ даври бошланганидан эътиборан қайта ташкил этиш тугалланган кунга қадар бўлган давр юзасидан топшириш далолатномаси асосида алоҳида-алоҳида солиқ ҳисоботи тузилади. У топшириш далолатномаси тасдиқланган кундан эътиборан уч иш куни ичида солиқ органларига тақдим этилади (СК 44-модда, 3 қисми). Яъни ҳар бир микрофирма бўйича қўшиб юбориш пайтида ЯСТ ҳисоб-китоби ва бюджетга тўланадиган ҳисоб-китоб суммаси мавжуд бўлади. Агар қандайдир сабабларга кўра қайта ташкил этилган корхоналар ЯСТ ёки бюджетга бошқа мажбурий тўловларни тўлашга доир солиқ мажбуриятини бажармаган бўлсалар, СКнинг 51-моддасига кўра, солиқ мажбурияти ҳуқуқий ворис, яъни улар қўшиб юборилиши натижасида ташкил этилган юридик шахс томонидан сўндирилади.

Қўшиб юбориш натижасида ташкил этилган юридик шахс ва солиқ органида ҳисобланган ва тўланадиган ЯСТ суммаларида тафовутлар, агар илгари ҳар бир қайта ташкил этилган корхона бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилган бўлса, юзага келмайди. Агар ҳисоблаб ёзилган ва тўланган солиқ суммаси мос тушмаса, сиз ягона солиқ тўловини тўлаш бўйича солиқ мажбуриятлари бажарилишига доир солиштирма далолатномасини тузишни сўраб тегишли давлат солиқ органига мурожаат қилишга ҳақли ҳисобланасиз (СКнинг 49-моддаси).

2. Ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, сотув умумий ҳажмида уларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60%ни ташкил этадиган, корхоналар (ЯСТ тўловчи) ЯСТ тўлашдан озод қилинади (28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон Қарорнинг 3-банди).

ЯСТ учун ҳисобот даври йил чораги ҳисобланиши ва ЯСТ бўйича ҳисоб-китоблар ҳар чоракда ўсиб борувчи якун билан тақдим этилиши (СК 359, 360-моддалари) сабабли реализация умумий ҳажмида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳар бир ҳисобот даври - йил чораги, ярим йиллик, 9 ой, йил якунларига қараб белгиланади.

Корхонанинг ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ҳақиқатда ихтисослашганлиги йил якунлари бўйича солиқ ҳисоботи билан бирга солиқ органларига тақдим этиладиган тасдиқланган шаклдаги маълумотнома-ҳисоб-китоб билан тасдиқланади (АВ томонидан 31.03.2009 йилда 1932-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 7-банди).

Демак:

  • ҳисоб-китоб натижасида корхона йил якунларига кўра тегишли имтиёз мезонларига мос келмаса, у ЯСТни тўлайди;
  • ҳисоб-китобга асосан корхона йил якунларига кўра белгиланган мезонларга мувофиқ келса, йиллик оборотга ЯСТ бўйича имтиёз қўлланилади. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.