Саволнинг ID си: 9648
Солиқ кодексининг 269-моддаси 16-бандига асосан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёз белгиланган. Корхонамиз ишлаб чиқаришни модернизация қилиш мақсадида 2017 йилнинг охирида янги техника ва технологик жиҳозларни сотиб олди. Ушбу сотиб олинган жиҳозлар қонун ҳужжатларига асосан давлат божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.
Махсус кодлар ва стандарт талабларга жавоб берадиган янги технологик ускуналар сотиб олинганда корхона 2018 йилдан бошлаб, Солиқ кодексининг 269-моддаси 16-бандига мувофиқ тегишли имтиёзни қўллай оладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда солиқ солинадиган база кўпи билан 10 йил давомида ишлатиб келинаётган машина ва асбоб-ускуналарнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига (ўртача йиллик қийматига) камайтирилади (СКнинг 269-мод. 16-банди).

Мол-мулк солиғи бўйича мазкур имтиёзни тўғри қўллаш мақсадида машина ва асбоб-ускуналар дейилганда хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режасининг 0130-"Машина ва асбоб-ускуналар" ҳисобварағида ҳисобга олинган асосий воситалар тушунилади.

Бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби бўйича ҳарид қилинган асосий воситалар аввал 0820 ҳисобварағида акс эттирилади. Шу билан бирга ушбу ҳисобварақда асосий воситаларни ўрнатиш ва йиғиш билан боғлиқ барча харажатлар ҳисобга олинади. Асосий воситалар ишга туширилгандан сўнг асосий воситаларни ҳисобга олувчи 01 тегишли ҳисобварағиларида акс эттирилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, корхонангиз агар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш мақсадида 2017 йилнинг охирида янги асбоб-ускуналарни харид қилиб, белгиланган муддатда ишга туширилган бўлса, 2018 йилдан бошлаб, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда Солиқ кодексининг 269-моддаси 16-бандига мувофиқ тегишли имтиёзни қўллаши мумкин.

Машина ва асбоб-ускуналарнинг қолдиқ қиймати бошланғич (тикланиш) қиймат билан ҳисобланган амортизация ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади. Қайта баҳоланган объектлар бўйича ҳисоб-китобга тикланиш қиймати қабул қилинади. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.