Саволнинг ID си: 9709
Корхонамиз умумбелгиланган солиқлар тўловчиси. Чет эл корхонасидан хизматларни харид қилдик ва 2000 евро миқдоридаги пул маблағларини тўлаб бердик. Яъни Германия Федератив Республикаси корхонаси ходимлари Ўзбекистонга келиб, корхонамизга тегишли бўлган ишлаб чиқариш линияларини техник кўрикдан ўтказишди.
1. Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган корхона чет эл корхонасидан хизматлар импорт қилганида қандай солиқ оқибатлари вужудга келади? 2. Бухгалтерия ҳисобида ушбу ҳолатлар бўйича қандай бухгалтерия ўтказмалари берилади?
Экспертларнинг жавоблари:

1.Норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солинадиган солиқ. Ўзбекистон Республикасининг норезиденти томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларга киради (СКнинг 155-моддаси 3-қисми 12-банди). Бунда норезидент учун тўлов манбаи бўлган юридик шахс норезидент даромади суммасидан солиқ ушлаб қолиб бюджетга тўлаб бериши лозим.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси даромадни Ўзбекистон Республикаси норезидентига тўлаш санасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича ҳисоблаб чиқарилади (СКнинг 155-моддаси 8-қисми).

Агар норезидент ўзининг ватани бўлган чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган, ўша давлатнинг резиденти эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни тўлов манбаи бўлмиш юридик шахсга тақдим этса, ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва ўша давлат ўртасида солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи халқаро шартномага мавжуд бўлса, у ҳолда норезидентга даромадни тўлаш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидаларига мувофиқ тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ушлаб қолинмаган ёки юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг пасайтирилган ставкаси қўлланилган ҳолда амалга оширилади (СКнинг 155-моддаси 12-қисми).

Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим мавжуд (ЎзР Олий Мажлисининг 2000 йил 11 февралдаги 40-II-сон Қарори билан ратификация қилинган, 2001 йил 14 декабрдан кучга кирган).

Сизнинг корхонангизга ишлаб чиқариш линияларини техник кўрикдан ўтказиб бериш хизматини амалга оширган чет эл корхонаси Германия Федератив Республикасининг резиденти эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этса, у ҳолда унинг даромадини фойда солиғини ушлаб қолмаган ҳолда тўлаб берасиз. Акс ҳолда, норезидент даромадидан 20% миқдорида фойда солиғини ушлаб қолиб бюджетга тўлаб беришингиз керак (СКнинг 160-моддаси 4-қисми).

Қўшилган қиймат солиғи. Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан тақдим этилган хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, бу хизматлар нархи хизматларни олувчи Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчисининг ҚҚС солинадиган оборотидир. Бу ҳолда ҚҚС норезидентга тўланиши лозим бўлган суммадан тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим бўлган фойда солиғи суммаси чегириб ташланмаган ҳолда ҳисобланади. Олинган ишлар, хизматлар учун ҳақ тўлаш чет эл валютасида амалга оширилган тақдирда, ҚҚС солинадиган оборот бу оборот амалга оширилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада қайта ҳисоблаб чиқилади (СКнинг 207-моддаси).

Шунга кўра, корхонангиз учун чет эл корхонаси томонидан амалга оширилган, баҳоси 2000 евро бўлган хизматлар ҚҚС солинадиган оборот бўлиб, унга 20% миқдорида ҚҚС ҳисоблашингиз ва давлат бюджетига тўлаб беришингиз лозим.

Савол мазмунига кўра, сизнинг корхонангиз ҚҚС тўловчисидир. Агар корхонангиз чет эл корхонаси кўрсатган хизматлардан ҚҚС солинадиган (шу жумладан, ноль даражали ставка) оборотлар мақсадида фойдаланса ва хизматлар импорт қилинганда ҚҚС бюджетга тўланган бўлса, у ҳолда ушбу тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга (СКнинг 218-моддаси).

2. Бухгалтерия ҳисобида ушбу ҳолатлар бўйича қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари берилади:

Хўжалик операцияларининг мазмуни

Дебет

Кредит

Чет эл корхонасидан хизматлар импорт қилинди

2010 «Асосий ишлаб чиқариш»

6010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

Норезидент даромадидан тўлов манбаида фойда солиғи ушлаб қолинди

6010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

6410 «Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)», тўлов манбаида ушлаб қолинган фойда солиғи

Норезидент даромадидан тўлов манбаида ушлаб қолинган фойда солиғи бюджетга тўлаб берилди

6410 «Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)», тўлов манбаида ушлаб қолинган фойда солиғи

5110 «Ҳисоб-китоб счёти»

Норезидентга даромад тўлаб берилди

6010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

5210 «Мамлакат ичидаги валюта счётлари»

Импорт қилинган хизматларга ҚҚС бюджетга тўлаб берилди

4421 «Импорт қилинган хизматларга ҚҚС бўйича бўнак тўловлари»

5110 «Ҳисоб-китоб счёти»

Импорт қилинган хизматларга ҚҚС ҳисобланди

4420 «ҚҚС бўйича бўнак тўловлари»

6421 «Импорт қилинган хизматларга ҚҚС бўйича бюджетга қарз»

Импорт қилинган хизматларга ҚҚС бўйича бўнак тўлови ҳисобга олинди

6421 «Импорт қилинган хизматларга ҚҚС бўйича бюджетга қарз»

4421 «Импорт қилинган хизматларга ҚҚС бўйича бўнак тўловлари»

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.