Саволнинг ID си: 9855
Қўшма корхона шаклидаги МЧЖ ходими 1 ой давомида хизмат сафари билан Москва шаҳрида бўлиб қайтди. Хизмат сафари мобайнида у корхона томонидан аванс тариқасида берилган валютани (АҚШ доллари) ишлатган. Ходим у ерда бўлган пайтида ҳар ҳил курс билан АҚШ долларини Россия рублига алмаштириб ишлатган. Хизмат сафари мобайнида долларнинг курси 57.8-59 рубль оралиғида бўлган. Ўзбекистон Республикасида эса долларнинг рублга алмаштириш курси Россиядаги курсдан фарқ қилади.
Ходимга хизмат сафари харажатларини ҳисоблашда қайси давлат курси асос қилиб олинади? Сафар харажатлари хисоб-китоблар қандай тартибда олиб борилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш ва улар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби Низом билан белгиланган (АВда 19.11.2015й. 2730-сон билан рўйхатга олинган).

Ушбу Низомга асосан Россия Федерацияси, шу жумладан Москва шаҳри учун хизмат сафари харажатлари маъёрлари АҚШ долларида ўрнатилган. Шунингдек корхонангиз томонидан ходимга хизмат сафари харажатлари учун бўнак суммаси ҳам АҚШ долларида берилган. Тегишинча бўнак ҳисоботида кўрсатиладиган барча харажатлар АҚШ долларида акс эттирилиши лозим.

Агарда хизмат сафари харажатлари учун бўнак АҚШ долларида берилган бўлиб, харажатлар эса хизмат сафарига борилган давлатнинг валютасида амалга оширилган бўлса (сизнинг ҳолатда Россия рублида), хизмат сафарига борилган давлатнинг валютасидаги ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар бўйича бўнак ҳисоботи АҚШ доллари хизмат сафарига борилган давлатнинг валютасига алмаштирилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган курс бўйича қабул қилинади (Низомнинг 45-банди).

Айирбошлаш шохобчалари томонидан бериладиган маълумотнома тасдиқловчи хужжат сифатида қабул қилинади ва бўнак ҳисоботида харажатлар ҳисоб-қитоби ушбу маълумотномада курсатилган валютани алмаштириш курси бўйича амалга оширилади.

Хизмат сафари натижалари бўйича якуний ҳисоб-китоб ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқий харажатлар бўйича, белгиланган меъёрлар ва қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, бўнак ҳисоботини қабул қилиш кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси курсининг хорижий валютага нисбатан ўзгаришидан юзага келадиган курсдаги фарқлар ҳисобда амалдаги бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ акс эттирилади (Низомнинг 43-банди).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.