Саволнинг ID си: 9857
Корхонада 3 йил давомида 3 млрд. сўм тақсимланмаган фойда ҳосил бўлди, таьсисчи (жисмоний шахс) ўз улушини ва тақсиланмаган фойдани олди-сотди шартномасига асосан бошқа янги таьсисчига (жисмоний шахс) сотади. Янги таьсисчи 3 млрд. сўм тақсимланмаган фойдани Устав фондини оширишга йуналтиради, 3 йилдан кейин таьсисчи 3 млрд. сўмга Устав фондини камайтиради?
МЧЖ таьсисчиси корхонанинг тақсимланмаган фойдасини Устав фондини оширишга йуналтирса қандай солиқ тўланади? Бир йилдан кейин Устав фонди яна шу суммага камайтирилса қандай солиқ тўланади? Солиқ кодекси 179-модда 19-бандига изоҳ беринг.
Экспертларнинг жавоблари:

Улушлар, эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган пайлар, ҳиссалар, пул маблағлари, қимматли қоғозлар, шунингдек бошқа моддий ҳамда номоддий объектлар билан бир қаторда мол-мулк деб тан олинади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Жисмоний шахсларга тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар (мулкий даромадлар) мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Уни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати даромад деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди).

Муассис ўз улушини номинал қиймати бўйича сотаётган бўлса, мол-мулкни реализация қилишдан даромад бўлмайди, улушнинг сотилиши уни сотувчида солиқ мажбуриятлари юзага келишига олиб келмайди. Бунда улушнинг номинал қиймати таъсис шартномаси, устав, мол-мулкнинг устав капиталига ҳисса сифатида киритилишига доир ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Муассис - улушни олувчида ҳам солиқ мажбуриятлари юзага келмайди.

Агар мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромад вужудга келса, жисмоний шахс учун СКнинг 189-моддасига мувофиқ декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар юзага келади.

"Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, муассис корхонанинг тақсимланмаган фойдасини Устав фондини кўпайтиришга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин ва ушбу тўғрисида ёзув таъсис ҳужжатларидаги ўзгартириш рўйхатдан ўтказилгандан сўнг амалга оширилади.

УФ миқдори жамиятнинг мол-мулки (унинг тасарруфида қолган фойда) ҳисобига кўпайтирилганда, унинг суммаси бўйича чеклов мавжуд. Бундай ошиш соф активларнинг қиймати билан устав капитали ҳамда захира фонди суммаси ўртасидаги фарқдан ортиқ бўлмаслиги керак (Қонуннинг 17-моддаси).

СКнинг 22-моддасига асосан дивидендлар деганда акциялар бўйича тўланиши лозим бўлган даромад; юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида тақсимланадиган соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисми; юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини олгандаги даромадлар, бундан муассис устав фондига ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади, тақсимланмаган фойда устав фондини кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда, юридик шахс акциядорининг, муассисининг  қўшимча акциялар қиймати, улуш қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари тушунилади.

Тақсимланмаган фойда Устав фондини кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда, дивиденд кўринишидаги даромадлар деб тавсифланади ва уларга солиқ солинмайди.

Келтирилган Қонунга мувофиқ, муассиснинг жамият устав фондини камайтириш ҳақидаги қарори ёзма тарзда расмийлаштирилади. Муассиснинг қарорига кўра иштирокчи улушининг камайтирилаётган қисми пул маблағлари ёки корхонанинг бошқа мол-мулки билан қайтарилиши мумкин.

Таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади ва ушбу ўзгартишлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Бунда шуни ҳисобга олиш зарурки, агар натижада жамият кўрсатилган Қонуннинг 14-моддасида белгиланган устав фондининг энг кам миқдоридан (МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 40 бараваридан) кам бўлиб қолса, ўз устав фондини камайтиришга ҳақли бўлмайди.

МЧЖ Устав фондини камайтирилиши бўйича ҳуқуқ кўрсатилган Қонуннинг 19-моддаси билан мустаҳкамланган. Мазкур моддада жамият ўз устав фондини камайтириши шарт бўлган ҳоллар ҳам назарда тутилган.

Солиқ оқибатлари масаласига келсак, агар улушнинг ҳақиқий миқдори ҳиссадан ошса, муассис чиқиб кетаётганда солиқ оқибатлари юзага келади. Ошиш суммаси дивидендларга тенглаштирилади ва унга тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқ солинади (СК 184-моддаси 2-қисми 3-банди).

Шунингдек, Солиқ кодексининг 179-моддаси 19-бандида назарда тутилишича, дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига йўналтирилган даромадларга солиқ солинмайди. Бироқ имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида иштирокчи муассислар таркибидан чиққанда ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари ўртасида тақсимланганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солиниши керак. Ушбу имтиёзни беришдан мақсад - дивидендлар ҳисобига устав фондига киритилган инвестициялардан муайян давр (камида 1 йил) ичида юридик шахснинг эҳтиёжлари учун фойдаланишдан иборат.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.