Саволнинг ID си: 9930
Корхона томонидан ишчилар учун ойлик иш ҳақидан ушлаб қолмаган ҳолда кунига бир махал бепул иссиқ овқат қилиб берилади. Ишчиларни бепул иссиқ овқат билан таъминлаш натижасидаги солиқ оқибатлари уларнинг иш ҳақи суммасига таъсир этиб, иш ҳақининг камайишига олиб келмоқда.
Корхона ишчи ходимларни бепул иссиқ овқат билан таъминлашда харажатларни қандай ҳисобга олса, иш ҳақига таъсир кўрсатмаслиги мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Корхонанинг томонидан ходимларни иссиқ овқат билан таъминлаш харажатлари икки хил тартибда ҳисобга олиниши мумкин:

1) Улар корхонанинг ҳисобидан амалга оширилади. Бунда ходимларни озиқ-овқат билан таъминлаш суммаси ишчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига киритилади (СКнинг 172-моддаси 1-қисми, 174-моддаси 13-банди). Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ЯИТ, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари, ЖШДС ва ФЖБПТ бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланади.

2) Ходимларга берилган иссиқ овқат қиймати ишчиларнинг иш ҳақисидан, солиқ ва мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг ушлаб қолинади. Бунда даромад вужудга келмаганлиги сабабли, солиқ оқибатлари хам келиб чиқмайди.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам корхона ходимларини иссиқ овқат билан таъминлаш натижасида иш ҳақидан ушланмалар ходим қўлига тегадиган иш ҳақининг камайишига олиб келади.

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.