Саволнинг ID си: 10224
"Текстиль" МЧЖ бошқа иккита МЧЖ таъсисчилигида 01.03.2017 йилда ташкил этилган. 1-МЧЖ ушбу корхонанинг устав фондидаги ўз улушини асосий восита, материал ва пул маблаглари ҳисобидан шакллантирди. 1-МЧЖ балансида турган 8.5 гектар ер майдонини "Текстиль" МЧЖга ўтказиш учун хужжатларни расмийлаштирмоқда. Лекин 01.03.2017 йилдан то 22.02.2018 йилга қадар 1-МЧЖга тегишли ер майдонга эгалик ҳуқуқи "Текстиль" МЧЖга ўтгани йўқ. 1-МЧЖ умумбелгиланган тартибда солиқ тўлайди. 1-МЧЖ 01.03.2017 йилдан то 22.02.2018 йилга қадар "Текстиль" МЧЖ жойлашган ер майдони бўйича ҳисобланган ер солиғи ҳисоботларини ДСИга топшириб, ер солиғини тўлаб келмоқда. "Текстиль" МЧЖ ЯСТ тўловчиси бўлиб, 2018 йил 1 январдан бошлаб ер солиғи ҳам тўлаши кераклиги ДСИ ходимлари томонидан айтилди. (Асос: 29.12.2017 йилдаги ПП-3454 сонли қарор). Лекин ушбу "Текстиль" МЧЖ жойлашган худуд бўйича ушбу корхонанинг таъсисчиси бўлган 1-МЧЖ томонидан ушбу худудга 2018 йил 01 январдан бошлаб ер солиғи ҳисоботлари тўлиқлигича топширилган ва солиқлари тўланмоқда.
1."Текстиль" МЧЖ жойлашган ер майдони бўйича ДСИга кандай тартибда ер солиги хисоботларини топширади? 2. МЧЖнинг устав фондига киритилган ер участкасидан ер солиғи ким томонидан тўланиши лозим?
Экспертларнинг жавоблари:

1.Биринчидан, мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида жами майдони 1 гектардан кўпроқ ер участкаларига эга бўлган ЯСТ тўловчилари ер солиғини 2018 йил 1 апрелдан бошлаб тўлайдилар (СКнинг 349-моддасига, ЎРҚ-454-сонли Қонуннинг 2-моддаси 45-банди ва 5-моддаси 2-қисми билан киритилган ўзгартиришлар, Президентнинг ПҚ-3454-сонли қарори 7-банди).

ЯСТ тўловчиларининг ер солиғини ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Низом билан белгиланади. Хозирги кунда ушбу Низом тасдиқланмаган.

МВ ва ДСҚнинг 2018 йил 6 февралдаги (КА/04-03-32-04/164-сонли, 13/3-03006-сонли) расмий ахборотномаси билан майдони 1 гектардан кўпроқ ер участкаси бўлган ЯСТ тўловчилари томонидан ер солиғи ҳисоб-китобини Низом тасдиқланганидан кейин топшириши ҳақида маълум қилинган.

Бу масала ҳақида қуйидаги манбалардан ахборот олишингиз мумкин:

2.Ер солиғини тўловчилари бўлиб мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар ҳисобланади (СКнинг 279-моддаси).

Ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши туман, шаҳар ер-кадастр дафтарига ернинг янги эгаси ёки ердан янги фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва уларга ер участкасига доимий эгалик қилиш, ундан доимий фойдаланиш ёки ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжатларини топшириш йўли билан расмийлаштирилади (Ер кодексининг 22-моддаси 3-хатбошиси).

Қайси ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи йил мобайнида солиқ тўловчига ўтган бўлса, ўша ер участкалари учун солиқ солинадиган база ер участкаларига тегишли ҳуқуқ вужудга келганидан кейинги ойдан эътиборан ҳисоблаб чиқарилади (СКнинг 281-моддаси).

Бу дегани, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи янги мулкдорга ўткунга қадар ундан ер солиғи аввалги мулкдор томонидан тўланиши лозим.

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.