Саволнинг ID си: 10939
Бизнинг корхона ЯСТ тўловчи кичик корхона ҳисобланиб, Аудиторлик хулосасини олиш мақсадида хорижий аудиторлик фирмаси билан шартнома тузган ҳамда мазкур шартнома бўйича хизматлар кўрсатилиб, хорижий аудиторлик фирмасининг хулосаси олинган. Кўрсатилган хизматларга тўлов учун INVOICE тақдим қилинган. «INVOICE»да ҚҚС «0» кўрсатилган.
1. Импорт килинган Аудиторлик хизматлари учун бизнинг корхона томонидан ҚҚС тўловлари амалга ошириладими? 2. Агар ҚҚС тўловлари амалга оширилса , бюджет билан ҳамда хизматларни кўрсатувчи билан ҳисоб-китоб қандай тартибда амалга оширилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Авваламбор шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон норезидентлари томонидан маҳаллий корхоналарга ишлар бадарилган, хизматлар кўрсатилганида икки турдаги солиқларни тўлаш мажбурияти юзага келиши мумкин – норезидентлар даромадига солинадиган фойда солиғи (СКнинг 25-боби) ҳамда қўшилган қиймат солиғи (СКнинг 207-моддаси).

Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан бажарилган хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса ва Солиқ Кодексига мувофиқ уларга қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) солиниши керак бўлса, хизматларни олувчи Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчисининг солиқ солинадиган обороти ҳисобланади.

Айни ҳолатда хорижий компания томонидан кўрсатилган аудиторлик хизмати бўйича ҚҚС тўланиши керак. Солиқ солинадиган база Ўзбекистон норезидентига тўланиши лозим бўлган суммадан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромад бўйича тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ (яъни норезидентлар даромадига солинадиган фойда солиғи) суммаси чегириб ташланмаган ҳолда белгиланади.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚСнинг суммаси белгиланган ставка ва солиқ солинадиган базадан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Ўзбекистон норезидентлари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича ҚҚС қуйидаги формула орқали ҳисоблаб чиқарилади:

С ққс = Б х С/100

бу ерда:

С ққс - қўшилган қиймат солиғи суммаси;

Б - Ўзбекистон норезиденти томонидан тақдим этилган, далолатномалар, инвойслар ва бошқа хужжатлар билан тасдиқланадиган хизматлар баҳоси;

С - қўшилган қиймат солиғи ставкаси - 20 %.

ҚҚС суммаси хорижий компанияга хизмат ҳақи тўланган пайтда бюджетга ўтказилади, солиқларни чегиргандан кейин қолган сумма хорижий компанияга ўтказилади.

Олинган хизматлар учун ҳақ тўлаш чет эл валютасида амалга оширилган тақдирда, солиқ солинадиган оборот бу оборот амалга оширилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада қайта ҳисоблаб чиқилади.

ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати СКнинг 218-моддасига мувофиқ солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини беради. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.