Саволнинг ID си: 12192
Мен махсус боғчада дефектолог бўлиб 1 ставкада ишлайман. Иш вақтим 09:00-14:00 гача. Бошқа МТМда логопед ва коллежда (ситрқи гуруҳларга) ўқитувчи бўлиб ҳам ишлайман. МТМ да 0,5 ставка иш вақти 14:30-17:30 гача, душанба, чоршанба, жума. Коллежда 0,5 ставка иш вақтим 14:30-18:30 гача. Ҳозирда коллеж бухгалтери учта иш жойида ишлаш мумкин эмас (2 ставкада), деб айтяпти.
Бир нечта иш жойида ишлашим мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўриндошлик асосида ишловчи жисмоний шахсларнинг меҳнат муносабатлари Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солинади (ВМнинг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига илова, кейинги ўринларда – Низом).

Низомнинг 7-бандига кўра, ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (соғлиқни сақлаш тизими врач ходимлари бундан мустасно). Демак, сиз асосий иш жойингизда 1 ставкада ишласангиз, ўриндошлик асосида фақат жами 0,5 ставкада ишлашга ҳақлисиз. Шуни айтиб ўтиш жоизки, МКда иш жойи сонлари бўйича чекловлар ўрнатилмаган. Ишчи, ўз хохишига кўра, бир неча ташкилотларда ишлашга ҳақли, фақат иш вақти давомийлиги жами 1,5 ставкадан ошмаслиги лозим.

Ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса, ўриндошлик асосида ишга кирмайди (Низомга илова). Ушбу кўрсатилган ишни амалга ошириш жойи ва режими, ўқитувчилик фаолияти характерини ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан масофадан иш олиб бориш шаклида, ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланади. Демак, коллежда ўқитувчи лавозимида меҳнат шартномаси асосида ишлашингиз мумкин,  бу иш фаолиятингиз ўриндошлик асосида ишга кирмайди ва, шундан келиб чиққан  ҳолда, коллеждаги иш вақтингиз чегараланмайди.

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.