«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ (30.08.1996 й. №279-I) банк ва касса-пул ҳужжатларида тузатишлар ҳамда ўчириб ёзишларга йўл қўйилмайди. Шунинг учун кассир-операциячининг назорат-касса дафтарига аниқланган ортиқча чиқиш ёки камомад тўғрисида ёзув ёки тузатишлар киритилмайди.
Инкассацияда пул ортиқча чиқса, авваламбор ушбу ортиқча чиқишнинг сабабини ўрганиш лозим. Бунинг учун кассада инвентаризация ўтказиш керак (19-сон БҲМС). Кассир инкассация ҳужжатларини тўлдиршда хатолик қилиши ёки кассадаги пулни инкассацияга тайёрлаганда сумкага ортиқча пул қўйган бўлиши мумкин. Ортиқча чиқишнинг сабабига қараб, ушбу ортиқча чиққан пул маблағини ҳисобга оласиз. Агар инкассация сумкасига ортиқча пул қўйилган бўлса, кассада пул маблағи кам чиқиши керак. Бундай ҳолатда ортиқча чиққан пул билан кассадаги камомад ёпилади.
Кассада камомад чиқса:
1) Дт 5910 “Камомадлар” 3 000 сўм
Кт 5010 “Касса” 3 000 сўм
2) Дт 5110 “Ҳисоб-китоб счёти” 3 000 сўм
Кт 5910 “Камомадлар” 3 000 сўм
Кассада камомад аниқланмаса, лекин кассир инкассация ҳужжатларини тўлдиришда хатолик қилгани аниқланса, бу тўғрисида далолатнома тузилади, бухгалтерияда маълумотнома ёзиб, хатолик тузатилади.
Дт 5110 “Ҳисоб-китоб счёти” 3 000 сўм
Кт 5010 “Касса” 3 000 сўм
Юқоридаги барча амаллар далолатнома ва бухгалтерия маълумотномаси ёзган ҳолда амалга оширилади.
Агар хатолик сабаби аниқланмаса, ортиқча маблағ суммаси даромадга олинади:
Дт 5110 “Ҳисоб-китоб счёти” 3 000 сўм
Кт 9390 “Бошқа операцион даромадлар” 3 000 сўм.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.