Саволнинг ID си: 17800
Ходим 2017-2019 йилларда меҳнат таътилига чиқмаган. Ташкилотда 24 кунлик меҳнат таътили ўрнатилган. Ушбу ходим 2020 йилда 2017-2020 йиллар учун 96 кундан иборат меҳнат таътили олиш бўйича ариза ёзди.
Ушбу вазиятда ходимга бир мартада 96 кунлик меҳнат таътили берса бўладими ёки 24 кундан орада 1 кун ишга чиқиб, 4 мартада жами 96 кун бериш керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

Меҳнат кодексининг 143-моддасига асосан таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Ишлаб чиқариш сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим. Саволда кўрсатилган ҳолатда албатта меҳнат қонунчилиги бузилган. Лекин бу дегани олдинги йилларнинг таътили “куйиб кетди” дегани эмас. Ходим олдинги йилларнинг таътилини олмаган бўлса уларни олиш ҳуқуқи қолади. Шунга кўра агарда ходим олдинги йилларда фойдаланмаган таътилларни барчасини бир йўла олмоқчи бўлса ва шунга иш берувчи рози бўлса, барча “қарз” бўлган таътилларни олса бўлади.

Эслатиб ўтамизки, ходимга ўз вақтида таътил бермаслик меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳисобланади ва иш берувчи бунинг учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

МКнинг 140-моддасида қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас, деб белгиланган. Айрим иш берувчилар буни 1 йил ичида 48 кундан ортиқ таътил бериб бўлмайди, деб нотўғри талқин қилишади. Ваҳоланки, ушбу моддада 1 йил ичида эмас, балки ҳар 1 йиллик иш учун таътил 48 кундан ортиқ бўлмаслиги маъносида белгиланган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.