Саволнинг ID си: 19260
Ташкилотмиз МЧЖ шаклида, қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган, меҳнат шартномасини муддати тугагач бекор қилмоқчимиз.
Меҳнат шартномасининг муддати тугагач уни қайси асосларда бекор қилиш мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Муддатли шартнома муддати тугаши билан бир ҳафта ичида Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан бекор қилинади. Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади ва ушбу моддага асосан уни бекор қилиш тақиқланади.

Иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.

Эслатиб ўтамизки, МКнинг 76-моддасига кўра муддатли меҳнат шартномалари бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда, корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер (корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим) билан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.

Масалан, 24.05.2017 йилдаги ПФ-5052-сон Президент Фармонининг 6-бандига мувофиқ, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига ходимларнинг розилигини олган ҳолда муддатли меҳнат шартномалари тузишга рухсат берилган (таълим муассасасини тамомлаган даврдан бошлаб 3 йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан ташқари).

Агар кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, муддатли шартнома тузиш тақиқланади ва фақат номуайян муддатга шартнома тузилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.