Саволнинг ID си: 20236
Кадрлар бўлими бош мутахассиси ходимлар томонидан сайланиб, касаба уюшмаси раиси бўла оладими? Кадрлар бўлимида бошқа лавозим, яъни ходим йўқ.
Экспертларнинг жавоблари:

Касаба уюшмаларининг барча аъзолари ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида тенгдир («Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонуннинг 10-м.). Шунга кўра, кадрлар бўлими бош мутахассиси, у ўз бўлимида бир ўзи ишлашидан қатъи назар, ўз лавозими билан бир қаторда касаба уюшмаси раиси вазифасини бажаришга улгурса, касаба уюшмаси раиси бўлиши мумкин. Бундан ташқари, касаба уюшмалари органларининг аъзоларига жамоа шартномасида, келишувида белгиланадиган шартларга кўра меҳнат жамоасининг манфаатларини кўзлаб жамоатчилик вазифаларини бажариши учун, шунингдек касаба уюшмасининг йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқиши учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда вақт берилади. Касаба уюшмалари органларининг аъзолари ишлаб чиқаришдаги ишидан касаба уюшмалари томонидан чақириладиган қурултойларда, конференцияларда делегат сифатида, шунингдек касаба уюшмаларининг пленумлари ва раёсатлари ишида иштирок этиш вақтига озод қилиниб, уларга касаба уюшмасининг маблағлари ҳисобидан ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади (Қонуннинг 15-м.).

Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг раҳбар органлари аъзолари бўлиши мумкин эмас (Қонуннинг 19-м.).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.