Фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида фаолият юритадиган жисмоний щахсларга байрам пулларини бериш

Саволнинг ID си: 22209
Корхонада фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида фаолият юритадиган жисмоний щахслар бор. Корхона штатдаги ходимларга байрам, мукофот ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларни Низом асосида амалга оширади.
Фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида фаолият юритадиган жисмоний щахсларга байрам пулларини бериш мумкинми? Агар мумкин бўлса, нима асосида?
Экспертларнинг жавоблари:

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга ҳақли (Янги таҳрирдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-м.). Шунга кўра корхона фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида фаолият юритадиган жисмоний щахсларга ҳам байрам пулларини бериши мумкин. Бундай харажатларни амалга ошириш учун буйруқ чиқарилади, корхонада алоҳида локал ҳужжат ишлаб чиқиш ҳам мумкин.

Лекин шуни назарда тутингки, фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида фаолият юритадиган жисмоний щахсларга моддий ёрдам пуллари берилса, улар меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган ходимлар каби СК 378-моддасига кўра солиқ имтиёзларидан фойдалана олмайди. Бундай жисмоний шахсларга вақтинча меҳнатга лаёкатсизлик нафақалари, меҳнат таътили пуллари тўланмайди.

Предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан иборат бўлган, тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар (бундан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар мустасно) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жумласига киради (СК 371-м. 2-қ.). Демак, уларга тўланган ҳар қандай тўловлар (байрам, мукофот пуллари, моддий ёрдам ва бошқалар) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб тан олиниб, ижтимоий солиқ, ЖШДС ва ФЖБПТга мажбурий ажратмаларга тортилади (СК 403-404-м, 387-м. 1-қ. 1-б., 02.12.2004 йилдаги 702-II–сон «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 10-моддаси).

 

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.