Саволнинг ID си: 22726
“A” korxona tomonidan 2019 yilda Turkiyadan ijara shartnomasi asosida maxsus texnikalar olib kelingan va IM-42 bojxona rejimiga joylashtirilgan. 2021 yilda “A” korxona “B” korxonaga ijaraga beruvchining roziligi bilan ushbu texnikalarni o'tkazib yuborgan. “B” korxona hozirgi kunda ushbu texnikalar orqali o'z faoliyatini amalga oshirib kelmoqda. IM-42 bojxona rejimining muddati ikki yil etib belgilangan. Lekin ushbu vaziyatda belgilangan 2 yillik muddat tugab bo'lgan.
“B” korxona IM-42 bojxona rejimini uzaytirishga haqlimi? IM-42 bojxona rejimini uzaytirish uchun texnikalardan foydalanib kelinayotganligi yetarlimi? IM-40 rejimiga olmasdan IM-42 rejimida qancha muddat ushlab turish mumkin?
Экспертларнинг жавоблари:

Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бош бошқармаси ДБҚда 5-101104/22-сон билан рўйхатдан ўтган билдиргини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 67-моддасига кўра, вақтинча олиб кирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиши тугагунига қадар бошқа шахсга ўтказишга, башарти ушбу шахс божхона органлари олдида вақтинча олиб кириш божхона режими шартларига бундан буён ҳам риоя этилиши бўйича ёзма мажбуриятларни ўз зиммасига олса, йўл қўйилиши кўрсатиб ўтилган.

Мазкур кодекснинг 64-моддасида вақтинча олиб кириш муддати товар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан икки йилни ташкил этиши белгиланган.

Бу борада, товарларнинг вақтинча олиб кириш муддати ваколатли шахснинг аризаси асосида божхона органи томонидан икки йилдан кўпроқ муддатга қуйидаги ҳолларда узайтирилиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг ва консуллик муассасаларининг ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш учун олиб кириладиган, ушбу ваколатхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган дипломатик агентлари ва маъмурий-техник ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган товарларнинг, шунингдек чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган мухбирлари ва мухбирлик пунктларининг ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган автотранспорт воситаларининг. Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати ушбу ваколатхоналар ва шахсларнинг аккредитация муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

- Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари билан чет давлатларнинг шахслари ўртасидаги ижара шартномалари асосида вақтинча олиб кириладиган темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларининг, шунингдек уларнинг эҳтиёт қисмлари ва уларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган транспорт асбоб-ускунасининг. Уларни вақтинча олиб кириш муддати ижара шартномаси муддатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

- лизинг шартномалари асосида олиб кириладиган товарларнинг. Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати лизинг шартномасининг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ олиб кириладиган товарларнинг. Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасининг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

- маҳсулот тақсимотига оид битимлар ва геология-қидирув ишларини ўтказиш тўғрисидаги битимлар асосида олиб кириладиган товарларнинг. Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати мазкур келишувларнинг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

- даврий божхона тўловлари тўлиқ тўланган товарларнинг;

- имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаши ёки мулк ҳуқуқи бошқа шахсларга ўтиши муносабати билан вақтинча олиб киришнинг кейинги муддатида даврий божхона тўловларини тўлаш зарурати пайдо бўладиган товарларнинг;

- Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳалари асосида олиб кириладиган товарларнинг. Бундай товарларни вақтинча олиб киришга инвестиция даври муддатига йўл қўйилади;

- товарни (ишларни ва хизматларни) импорт қилишга доир контракт (шартнома, келишув) шартлари бўйича кафолат муддати давомида хизмат кўрсатиш ва нуқсонларни бартараф этиш учун олиб кириладиган товарларнинг (божхона ҳудудида қолдириш учун мўлжалланган товарлар бундан мустасно).

Бундай товарларни вақтинча олиб киришга кафолат даври муддатига йўл қўйилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорлари асосида вақтинча олиб киришнинг узоқроқ муддати белгиланиши мумкин.

Бунда, вақтинча олиб кириш божхона режимининг муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза божхона органига вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиш муддати тугагунига қадар берилиши керак. Вақтинча олиб кириш божхона режими муддатини узайтириш божхона юк декларациясининг тегишли бўлмасига ўзгартишлар киритиш йўли билан амалга оширилади.

Ваколатли шахс томонидан божхона органига вақтинча олиб кириш муддатини узайтириш тўғрисида ариза берилганлиги вақтинча олиб кириш муддатини узиб қўймайди ва тўхтатиб турмайди.

Вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиш муддати узайтирилганда бошқа божхона декларацияси тақдим қилинмайди.

Маълумот ўрнида, вақтинча олиб кириш божхона режими товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш билан тугалланганда ва даврий божхона тўловлари тўланганда товарни божхона йиғимларини тўлаган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш учун божхона юк декларацияси расмийлаштирилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.