Ходим ўзининг муқим яшаш жойига хизмат сафарига юборилганда кундалик харажатлар тўлови

Саволнинг ID си: 24450
Фарғона шаҳридан бўлган ходим Ангрен шаҳрида жойлашган ва рўйхатдан ўтган корхонада ишлайди. Корхона ходимни Фарғона шаҳрига хизмат сафарига юборган.
Ходим ўзининг муқим яшаш ҳудудига хизмат сафарига юборилган тақдирда ҳам ушбу ходимга суткалик пуллар тўлаб бериладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Рус тилида ўқиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомга (ВМнинг 02.08.2022 йилдаги 424-сон қарори билан тасдиқланган) асосан хизмат сафарида бўлган вақт учун тўланадиган кундалик харажатлар (суткалик пуллар) - хизмат сафарида бўлган вақтда кунлик овқатланиш, хизмат сафари пайтидаги вазифаларни бажариш билан боғлиқ бошқа кундалик харажатлар (Низомнинг 2-б.). Бунга транспорт воситалари ва турар жой билан боғлиқ харажатлар кирмайди. Хизмат сафарига юборилган ходимга турар жой билан боғлиқ харажатлар ва йўл харажатлари қопланади, шунингдек кундалик харажатлар учун ҳақ тўланади (Низомнинг 13-б.). Хизмат сафарига юборилган ходим ўзининг доимий иш жойига ҳар куни қайтиш имкониятига эга бўлса, у ҳолда кундалик харажатлар учун ҳақ тўланмайди. Ходимнинг хизмат сафарига юборилган жойдан ўзининг доимий равишда яшайдиган жойига ҳар куни қайтиши мумкинлиги масаласи хизмат сафарига юборган ташкилот раҳбари томонидан масофанинг узоқлиги, транспорт алоқаси шароити, бажариладиган топшириқнинг туси, ходим учун дам олиш шароитларини яратиш кабиларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади (Низомнинг 20-б.).

Фикримизча, ушбу ҳолатда Низом мақсадлари учун ходимнинг доимий яшаш жойи сифатида Ангрен шаҳри тушунилиши лозим, чунки ходим Ангрен шаҳрида яшаб ишлайди.

Ушбу саволга аниқ жавоб олиш учун Меҳнат вазирлигига мурожаат этишни тавсия қиламиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.