Меҳнат таътилига қўшимча кунлар берилиши учун асослар

Саволнинг ID си: 24850
Жамоа шартномасида ходимнинг йиллик меҳнат таътилига қўшимча кунлар берилиши (лавозимлар бўйича) назарда тутилган.
Ушбу қўшимча кунларни белгилашда нима асос бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳар йилги қўшимча таътиллар:

  • меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга;
  • ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга;
  • битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
  • қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилади (Меҳнат кодексининг 219-м.).

Ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимлар йиллик қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга.

Қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берадиган ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати, таътилларнинг давомийлиги, уларни бериш тартиби ва шартлари жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, - иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.

Ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга бериладиган йиллик қўшимча таътилнинг энг қисқа давомийлиги, шунингдек ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун йиллик қўшимча таътилларни бериш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади (Меҳнат кодексининг 481-м.).

Мисол учун, ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун ҳар йилги қўшимча таътил қуйидагича давом этади:

Омиллар

Меҳнат шароити класслари

1 класс мақбул

2 класс йўл
қўйилган

3 класс зарарли

4 класс хавфли

3.1
1-даража

3.2
2-даража

3.3
3-даража

3.4
4-даража

Қўшимча таътилнинг давомийлиги, кунлар ҳисобида

0

0

3

4 - 6 кунгача

7 - 12 кунгача

13 - 18 кунгача

19 - 24 кунгача

 

Ходимларнинг айрим тоифалари учун қўшимча таътил 33 кунгача белгиланиши мумкин (Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 45-б.).

Ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ҳар йилги қўшимча таътил қайси жойларда ишлаганлик учун меҳнат ҳақига тегишли коэффициентлар белгиланган бўлса, ўша жойларда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимларга берилади.

Табиий-иқлим шароитлари ноқулай ҳудудларнинг рўйхати ва бундай шароитлардаги иш учун бериладиган йиллик қўшимча таътилнинг энг қисқа давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш юқорида назарда тутилмаган йиллик қўшимча таътиллар белгиланиши мумкин (Меҳнат кодексининг 483-м.).

Ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади. Қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, бошқа ички ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида юқорида назарда тутилган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига бошқа иш берувчидаги ёхуд бошқа тармоқдаги иш стажини киритиш назарда тутилиши мумкин (Меҳнат кодексининг 220-м.).

Шунга кўра, жамоа шартномасида лавозимлар бўйича қўшимча меҳнат таътили кунларининг сонини белгилаш юқорида баён этилган нормаларни инобатга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан мустақил равишда амалга оширилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.