Саволнинг ID си: 2495
Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхонамиз улгуржи савдони амалга ошириш учун лицензияга эга. Улгуржи савдо бўйича тушум умумий реализация ҳажмининг 5 фоизини ташкил қилади. Топшириқ шартномаси бўйича топшириқ берувчи-корхонага 5 фоиз миқдордаги ҳақ эвазига импорт товарларини олиб кирамиз. Божхона харажатларини топшириқ берувчининг ўзи мустақил тўлайди. Топшириқ шартномаси бўйича ҳисоб-китоблар топшириқ берувчи томонидан сўмда амалга оширилади.
Топшириқ шартномаси бўйича корхона – вакил қандай умумбелгиланган солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлайди?
Экспертларнинг жавоблари:

Топшириқ шартномаси бўйича томонларнинг ўзаро муносабатларининг хусусияти шундан иборатки, бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади. Вакил тузган битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар бевосита топшириқ берувчида вужудга келади (ФКнинг 817-моддаси). Агар топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса, топшириқ берувчи ишончли вакилга ҳақ тўлаши шарт (ФКнинг 818-моддаси).

Вакил томонидан топшириқ шартномаси бўйича мажбуриятларни ижро этиш юзасидан олган даромадлари воситачилик фаолиятидан даромадлар жумласига киради.

2-сон БҲМС “Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар” 7-бандига асосан воситачилик фаолиятида воситачилик ҳақи даромад ҳисобланиши белгиланган.

Масалани солиқ солиш нуқтаи назаридан кўриб чиққанда, шуни қайд қиламизки,  умумбелгиланган солиқларни тўловчи вакил-корхонада топшириқ шартномаси бўйича хизматлар кўрсатиш қуйидаги солиқлар ва мажбурий тўловларни тўланишига олиб келади:

1)      юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (СК V бўлими);

2)      қўшилган қиймат солиғи (СК VII бўлими);

3)      ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи (СК XIII бўлими);

4)      бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар (СК XV бўлими 52-боб);

5)      Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар (СК XVI бўлими 53-боб);

6)      бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар (СК XVI-1 бўлими);

Бироқ, агар корхонангиз кичик бизнес субъектлари жумласига кирса, у ҳолда юқорида келтирилган жамғармаларга мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилинган (СКнинг 312, 316, 325-1-моддалари).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.