Саволнинг ID си: 24986
Мен йиллик асосий меҳнат таътилимни (15 иш куни) 02.10.2022 йил - 01.10.2023 йил давр учун 2023 йил январь ойида олдим, жамоа шартномаси бўйича қўшимча меҳнат таътилим учун компенсация олдим.
2023 йил 30 апрелдан кучга кирган янги МКнинг 220-моддасига асосан иш стажим учун қўшимча таътилдан жорий йил давомида фойдалана оламанми?
Экспертларнинг жавоблари:

Меҳнат кодексининг 220-моддасига кўра, ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади. Ходимнинг иш йилининг бир қисми 2023 йил 30 апрелгача (янги Меҳнат кодекси кучга киргунча), қолган қисми 30 апрелдан кейинга тўғри келганда стаж учун қўшимча таътил қай тарзда берилиши «Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунда кўрсатилмаган.

Ушбу савол бўйича турли фикрлар бўлиши мумкин. Бир томондан, асосий меҳнат таътили янги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар бериб бўлинган. Стаж учун қўшимча таътил, одатда, асосий таътил билан бирга берилади. Шунга асосан, стаж учун таътилни бериш кейинги асосий таътилни бериш билан бирга бошланиши керак. Бошқа томондан, асосий таътил берилаётган даврнинг бир қисми 30 апрелдан кейинга тўғри келаётганлиги учун ходим стаж учун қўшимча таътил олишга ҳақли (турли фикрларга кўра, ўша даврга мутаносиб равишда ёки тўлиқ). Шунга биноан, олдинроқ асосий таътилни олган ходимга стаж учун қўшимча таътил бериш мумкин.

Ушбу вазиятда Меҳнат вазирлигининг расмий тушунтириш хатини олиш лозим, деб ўйлаймиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.