Саволнинг ID си: 25102
1. 2022 йил 21 октябрь куни ишга қабул қилинган ходимга Меҳнат кодексининг 230, 231-моддаларига асосан унинг розилигига асосан 14 кунлик меҳнат таътилини бериш мумкинми? 2. Ходимга муддатидан олдин меҳнат таътили бериш тартиби қандай?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Ҳа, мумкин.

Ишлаб чиқариш хусусиятига эга сабабларга кўра жорий йилда ҳар йилги меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда ходимнинг розилиги билан таътилнинг 14 календарь кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин бўлиб, ушбу йил давомида ундан фойдаланилиши шарт. Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми 14 календарь кундан кам бўлмаслиги керак (МК 230, 231-м.).

2. Биринчи иш йили учун меҳнат таътили узлуксиз ишлаган 6 ой ўтганидан берилади. Иш берувчи билан ходимнинг келишувига кўра 6 ой ўтгунига қадар ҳам меҳнат таътили берилиши мумкин. 6 ой ўтгунига қадар ходимнинг хоҳишига кўра (яъни иш берувчи учун мажбурий) қуйидагиларга ҳар йилги меҳнат таътили берилади:

- аёлларга - ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;

- 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга;

- 18 ёшдан кичик бўлган шахсларга;

- резервга бўшатилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчиларга;

- 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва уларга тенглаштирилган шахсларга;

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга;

- ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа;

- жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд ички ҳужжатларда белгиланган бошқа ҳолларда бошқа ходимларга.

Юқоридаги ҳолларда ҳар йилги меҳнат таътили тўлиқ давомийликда ва тўлиқ ҳақ тўланган ҳолда берилади (МК 227-м.). Иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун меҳнат таътили жадвал бўйича берилади. МКнинг 228-моддаси 4-қисмида кўрсатилган ходимларга таътил уларга қулай бўлган вақтда берилиши шарт. Жадвалда белгиланган ҳар йилги меҳнат таътилини бериш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ўзгартирилиши мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.