Саволнинг ID си: 25234
Транспорт вазирлиги томонидан грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа 6 йилга (2022-2027 йиллар) мўлжалланган бўлиб, халқаро ташкилот - Глобал экологик жамғарманинг ташқи беғараз грант маблағлари эвазига молиялаштирилади. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузурида юридик мақомга эга бўлмаган, 6 та штат бирлигидан иборат Лойиҳани бошқариш гуруҳи ташкил этилган. Лойиҳани бошқариш гуруҳи ходимлари лойиҳани амалга ошириш муддатига мутаносиб даврга меҳнат шартномаси ва фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишга қабул қилинган. Барча ходимларнинг ойлик маоши миқдори ҳамда хизматлар учун тўлов миқдори БМТТД билан келишилган ва грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳа ҳужжатида ойлик маош ва хизматлар учун тўлов миқдори белгиланган бўлса-да, меҳнат таътили билан боғлиқ масалалар баён этилмаган. Бироқ лойиҳа хужжатида лойиҳа миллий қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳани бошқариш гуруҳи ходимлари йиллик меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эгами?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир.

Барча ходимлар, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга (МКнинг 216-м.).

Меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув бўлиб, унга мувофиқ ходим иш берувчининг манфаатини кўзлаб, ушбу келишувда белгиланган меҳнат вазифасини унинг раҳбарлиги ва назорати остида шахсан бажариш, ички меҳнат қоидаларига риоя этиш мажбуриятини, иш берувчи эса ходимга шартлашилган меҳнат вазифаси бўйича иш бериш, ходимга иш ҳақини ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаш, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва ушбу келишувда назарда тутилган меҳнат шароитларини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади (МКнинг 103-м.).

Шунга кўра, лойиҳани бошқариш гуруҳи ходимлари меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бўлса, улар йиллик меҳнат таътилига чиқишга ҳақли.

Бундан ташқари, жисмоний шахс билан фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома тузилган бўлиб, бироқ амалда у меҳнат муносабатларига киришган бўлса (мисол учун, иш вақти режимига амал қилиш, ички меҳнат тартиби қоидаларига бўйсуниш ва бошқалар), у ҳолда ушбу муносабатлар суд томонидан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилиши мумкин. Бундай ҳолда меҳнат шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома тузилган кундан эътиборан тузилган деб ҳисобланади, тарафларнинг муносабатлари эса шартномада шартлашилган ишни жисмоний шахс томонидан бажариш бошланган кундан эътиборан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилади (МКнинг 33-м.). 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.