Саволнинг ID си: 25697
Ходим 5 йилдан буён ишлаб келмоқда ва шу давр мобайнида бирор маротаба меҳнат таътилидан фойдаланмаган.
Ушбу ҳолатда ходим жорий йил учун меҳнат таътилини олиши ва бир вақтнинг ўзида олдинги йиллардаги фойдаланилмаган 4 йиллик меҳнат таътилининг барчасини (асосий ва қўшимча) пуллик компенсация билан алмаштириши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар таътиллар жадвалида белгиланган  навбатига мувофиқ берилиши керак (МК 228 ва 230–м.). Шунга кўра, ходимга жорий йил учун таътил йилнинг бошида тузилган жадвалга қараб берилади.

Ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг энг оз муддатидан ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Шунга асосан, ўтган йиллар, яъни янги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар (30.04.2023 йилгача) бўлган даврлар учун таътилларнинг эски Меҳнат кодекси бщйича энг оз муддатидан ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Эски Меҳнат кодексига кўра таътилнинг белгиланган энг оз муддати 15 иш кунидан иборат (Эски МК 134 ва 151-м.). Демак олдинги йиллар таътилларининг 15 иш кунидан ортиқчаси учун компенсация тўланиши мумкин, ҳар йилнинг 15 иш кунидан эса асли ҳолида фойдаланилади ва уларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.