Саволнинг ID си: 26258
Ходим бухгалтер лавозимида ишлаяпти. Унга МКнинг 116-моддасига асосан 0,5 ставка Филиал бошлиғи лавозими ҳам юклатилган. Бошлиқнинг буйруғи билан ходимни бошқа лавозимга ўтказмоқчимиз.
Буни қандай расмийлаштирса бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Саволда айнан қайси лавозимдан бошқа лавозимга ўтказилиши кўрсатилмаган, яъни асосий лавозимдан бошқасигами ёки қўшимча лавозимдан бошқасигами. Иккала вариантни кўриб чиқамиз:

1. Ходимни қўшимча бўлган филиал бошлиғи лавозимидан бошқа қўшимча лавозимга ўтказиш.

Агар ходимга МКнинг 116-моддасига асосан қўшимча иш  доимий асосда юклатилган бўлса, бундай келишув меҳнат шартномасига қўшимча келишув тарзида расмийлаштирилади. Агар ходимга қўшимча иш белгиланган муддатга (муайян муддатга) юклатилса, меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш талаб этилмайди ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ходим буйруқнинг матни билан таништирилиши ва рози бўлган тақдирда уни имзолаши керак (МК 116-м.). Шунга кўра, бухгалтерга (асосий лавозим) филиал бошлиғи вазифаси юклатилган бўла туриб, кейинчалик ушбу вазифадан озод этилиб, бошқа лавозим бўйича қўшимча доимий иш юклатилса, асосий меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузилиб, ўзгартиришлар киритилади. Бунда филиал бошлиғи вазифасидан озод этиб, бошқа лавозим бўйича иш юклатиш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Асос меҳнат шартномасига тузилган қўшимча келишув бўлади. Агар бошқа лавозим бўйича қўшимча иш маълум бир вақтга юклатилса, буйруқнинг ўзи билан расмийлаштирилади.

2. Ходимни асосий ишдан бошқа ишга ўтказиш.

Ходимни бошқа ишга ўтказишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади (МК 140-м.).  Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ходимни бошқа ишга унинг розилигисиз ўтказишга йўл қўйилади. Лекин  бекор туриб қолиш сабабли ходимни пастроқ малака талаб этиладиган ишга вақтинча ўтказишга ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади (МК 145-м.).

Ходимни доимий бошқа ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқариш учун меҳнат шартномасига киритилган ўзгартишлар асос бўлади. Шунга асосан меҳнат шартномасига бошқа лавозимга ўтказиш тўғрисида  қўшимча келишув тузилиб, буйруқ чиқарилади.

Ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш буйруқнинг ўзи билан расмийлаштирилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.