Саволнинг ID си: 26368
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бўйича меҳнат таътили календарь кунларда қандай ҳисобланади? Шанба ва якшанба кунлари таътил кунларига қўшиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади. Ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди (МК 221-м.). Қуйидаги кунлар ишланмайдиган байрам кунларидир:

- 1 январь - Янги йил;

- 8 март - Хотин-қизлар куни;

- 21 март - Наврўз байрами;

- 9 май - Хотира ва қадрлаш куни;

- 1 сентябрь - Мустақиллик куни;

- 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни;

- 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;

- Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;

- Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни (МК 208-м.).

Шунга кўра, меҳнат таътили ҳисобланганда фақат  кўрсатилган байрам кунлари ҳисобланмай, қолган барча кунлар ҳисобланади.

Мисол учун: ходимга 25.09.2023 йилдан 21 календарь кундан иборат таътил берилди. Бунда ушбу таътилнинг охирги куни 16.10.2023 йилга тўғри келади. Таътил даврига тўғри келган 1 октябрь (Ўқитувчи ва мураббийлар куни) ҳисобга киритилмайди, 2 октябрга кўчирилган дам олиш куни ва қолган дам олиш кунлари ҳисобга киритилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.