Лицей ўқитувчиларига таътил пулларини ҳисоблаш

Саволнинг ID си: 28805
Лицей ўқитувчиларига таътил пулларини ҳисоблаш керак.
Лицей ўқитувчиларининг таътил пуллари қандай маъмурий-ҳуқуқий ҳужжатга асосан ҳисобланади? Уларнинг таътил кунлари 48 кун ҳисобланиб тўланадими ёки 56 кунми?
Экспертларнинг жавоблари:

Айрим тоифадаги ходимлар учун улар меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларига ҳамда бошқа ҳолатларга қараб ҳар йилги узайтирилган таътиллар белгиланади. Бундай таътиллар олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларнинг рўйхати ва ушбу таътилларнинг давомийлиги қонунчиликда белгиланади (МК 218-м. 3-қ.).

Таълим ташкилотларининг педагог ходимларига ҳақ тўланадиган ҳар йилги узайтирилган таътил тақдим этилади («Таълим тўғрисида»ги Қонун 53-м.).

Меҳнат таътилининг давомийлиги Меҳнат кодекси билан чегараланган. Ҳар йилги меҳнат таътилининг умумий давомийлигини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар ҳар йилги асосий энг кам таътил ёки ҳар йилги асосий узайтирилган таътилга қўшиб жамланади. Барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг давомийлиги бир иш йили учун 56 календарь кундан ошиб кетиши мумкин эмас (МК 222-м. 1-2-қ.). Ушбу чеклов қонунчиликда назарда тутилмаган, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, иш берувчининг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинган ички ҳужжатларида ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат таътилларига нисбатан татбиқ этилмайди (МК 222-м. 3-қ.).

Агар бошқа ҳужжатларга кўра 56 календарь кунидан кўпроқ меҳнат таътили берилиши кўзда тутилмаган бўлса, ўқитувчига 56 календарь куни миқдорида таътил берилади. Ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди (МК 221-м. 2-қ.). Бунда меҳнат таътили пуллари 6-кунлик иш хафтасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб тўлаб берилади.

Меҳнат таътили пулини ҳисоблаб чиқариш учун ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақини аниқлаш керак. У МК 257-моддасига кўра аниқланади.

 

Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги МЕЪЁРЛАРИ (ВМнинг 2023 йил 26 июндаги 263-сон қарорига ИЛОВА).

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.