Мулкдор алмашганда, ташкилотнинг идоравий мансублиги (тобелиги) ўзгарганда, шунингдек у қайта ташкил этилганда меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом эттирилади (МКнинг 156-м. 1-қ.). Яъни бундай ҳолатларнинг юзага келиши ўз-ўзидан ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлмайди. Умумий қоидадан фақат битта истисно мавжуд: янги мулкдор ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер ва ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси (филиал, ваколатхона ва бошқалар) раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли. Мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилишга ташкилот мулк қилиб олинган кундан бошлаб 3 ой мобайнида йўл қўйилади. Мазкур ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш айнан ташкилот мулкдорининг алмашиши муносабати билан амалга оширилади. Яъни янги мулкдорга мазкур тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун бошқа ҳеч қандай асос керак эмас. Агар улардан ажралиб, ўрнига бошқаларни олишни истаса, бу унинг ҳуқуқи. Мазкур ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш МК 489-моддаси 1-қисми 1-бандига кўра амалга оширилади.
МК ходимларни ташкилот мулкдори алмашиши ҳақида огоҳлантириш мажбуриятини юкламайди. Лекин ходимда меҳнат муносабатларини давом эттиришга розилик ёки норозилик билдириш имконияти бўлиши учун, уни бу ҳақда хабардор қилиш лозим. Буни ёзма шаклда амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Бундай огоҳлантиришни ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс имзолайди.
Ходимнинг меҳнат муносабатларини давом эттиришга розилиги ёки уларни давом эттиришдан бош тортиши қуйидагича расмийлаштирилиши мумкин:
- ёзма ариза шаклида;
- огоҳлантиришга қуйидаги иккита устунни киритиш орқали: «Огоҳлантириш билан танишдим, меҳнат муносабатларини давом эттиришга розиман» ва «Огоҳлантириш билан танишдим, меҳнат муносабатларини давом эттиришдан воз кечаман». Ходим қандай қарор қабул қилишига қараб, у тегишли устун қаршисига имзо чекади ва санани қўяди.
Ходимни ташкилот мулкдорини алмаштириш тўғрисида огоҳлантириш муддати қонунчиликда белгиланмаган. Лекин ишни давом эттириш тўғрисида пухта ўйлаб қарор қабул қилишга унга вақт бериш учун, ходимни олдиндан огоҳлантириб қўйган маъқул. Агар ходимнинг ўзи ташкилотда ишни давом эттиришни рад этса, у билан меҳнат шартномаси МК 156-моддаси 5-қисмига кўра бекор қилинади.
Ходимнинг ишни давом эттиришни рад этганлик фактининг тасдиғини олинг. Бу қуйидагилар бўлиши мумкин:
– ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиш тўғрисидаги аризаси;
– ходимнинг унинг ишни давом эттиришни рад этаётганини назарда тутувчи графада кўрилаётган ҳолларнинг юзага келиши ҳақида огоҳлантирувчи имзоси;
– ходим ишни давом эттиришни рад этишини маълум қилганлиги, аммо бу ҳақида ариза беришни истамаганлиги ёки огоҳлантиришнинг тегишли графасида ўз имзосини қўйишни рад этганлиги тўғрисида гувоҳлар иштирокида тузилган далолатнома.
Меҳнат шартномасини, МК 156-моддаси 5-қисмига кўра, ходим ташкилотнинг мулкдори алмашганлиги ёки у қайта ташкил этилганлиги ёхуд идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ишни давом эттиришни рад этиши муносабати билан бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.
Меҳнат шартномаси бекор қилинадиган куни:
– ходимга меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини беринг;
– ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани беринг;
– ходим билан тўлиқ ҳисоб-китобни амалга оширинг.
Саволингиз бўйича қуйидаги тавсиялар билан танишиб чиқишингиз мумкин:
- Ташкилот мулкдори ўзгарганда ёки у қайта ташкил этилганда, идоравий мансублиги (тобелиги) ўзгарганда ходимлар билан нима қилиш керак;
- Ходим ташкилотнинг мулкдори алмашганлиги, у қайта ташкил этилганлиги, идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ишни давом эттиришни рад этганда, у билан меҳнат шартномаси қандай бекор қилинади.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.