Фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўлаш

Саволнинг ID си: 29702
Янги ишга олинган ходим 3 ой 19 кун ишлади ва ишдан бўшади.
Бу ходимга фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўланадими? Тўланса, неча кунга ҳисобланади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга МК 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади (МК 233-м. 1-қ.). Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади (МК 234-м. 1-қ.).

Ходимга бериладиган ҳар йилги меҳнат таътили давомийлиги ходим билан тузиладиган меҳнат шартномасида белгиланади. Ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил этади, ундан кам бўлиши мумкин эмас (МК 217-м.).

Ходимингизга белгиланган ҳар йилги меҳнат таътили неча кунлигидан келиб чиққан ҳолда, у ишлаган вақтга мутаносиб равишда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун коммпенсация тўлаб беришингиз лозим (МК 223-м. 4-қ.).

Ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда унинг давомийлиги ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини ўн иккига бўлиш ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар 1 ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди. Ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътили кунлари умумий давомийлигини ҳисоблашда олинган 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар 1 кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса ҳисобдан чиқариб ташланади (МК 224-м.).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.