Саволнинг ID си: 4280
Солиқ кодексининг 97-моддасига кўра, зарур ҳолларда, солиқ текширувларини ўтказишда иштирок этиш учун эксперт жалб этилиши ва экспертиза тайинланиши мумкин. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор текширув ўтказаётган мансабдор шахснинг илтимосномаси асосида давлат солиқ хизмати органининг раҳбари томонидан қабул қилинади. Унда экспертизани тайинлаш учун асослар, экспертиза ўтказиши керак бўлган ташкилотнинг номи ёки экспертнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эксперт олдига қўйилган масалалар ва эксперт ихтиёрига бериладиган материаллар кўрсатилади. Экспертнинг хулосаси ёки унинг хулоса бериш имконияти йўқлиги тўғрисидаги хабари текширилаётган шахсга тақдим этилади. Қуйидаги саволларни тушунтириб берсангиз: Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарори экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин текширилаётган солиқ тўловчига тақдим қилиниши керакми? Солиқ тўловчи номланган ҳужжатларидан (қарор, хулоса ёки хабар) нусха олишга ҳақлими?
Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарори экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин текширилаётган солиқ тўловчига тақдим қилиниши керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

Солиқ кодексининг (СК) 97 ёки бошқа моддаларида экспертиза тайинлаш тўғрисида қарори текширилаётган шахсга экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин тақдим этилиши тўғридан-тўғри кўрсатилмаган. Бироқ, ўша 97-модданинг саккизинчи қисмига қараганда, текширилаётган шахс жумладан экспертнинг олдига қўшимча масалалар (саволлар) қўйишни сўраш ҳуқуқига эга. Шу боис қарор унга олдин танишиб чиққишлик учун экспертиза ўтказилиши бошланишидан тақдим этилса, СКнинг мазмунига мувофиқдир ва аксарият ҳолларда эксперт хулосаси етарлича аниқ ёки тўлиқ бўлмаганлигини ва шу сабали қўшимча экспертизани тайинланишини олдини олади.

Дарвоке, айрим чет эл давлатларнинг солиқ қонун ҳужжатларида бу масала аниқ равишда тартибга солинган. Масалан, Россия Федерацияси Солиқ кодекси 95-моддасининг 6-бандининг мазмунидан шу келиб чиқадики, экспертиза ўтказилиши бошланишидан олдин экспертизани тайинлаш тўғрисида қарор чиқарган мансабдор шахс текширилаётган шахсни шу қарор билан таништиради ва бу ҳақда баённомама тузади. Бизнинг СК ҳам худди шундай қоида киритилиши зарур деб биламиз. Шунда текширилаётган шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши янада кафолатланади.

Текширилаётган шахс экспертиза тайинлаш тўғрисида қарорнинг, экспертнинг хулосаси ёки унинг хулоса бериш имконияти йўқлиги тўғрисидаги хабарнинг нусхаларини олишга доир ҳуқуқ Солиқ кодексида ҳамда бошқа солиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бўлсада, улардан нусха олиш ман этилмаган. Демак, текширилаётган солиқ тўловчи номланган ҳужжатлардан нусха олишга ҳақлидир.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.