Саволнинг ID си: 4368
Корхона фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ташқари енгил автомобиль амортизацияси бўйича харажатларни қоплашни кўзда тутишни режалаштирмоқда.
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича жалб қилинган фуқарога унинг ишига тўланадиган ҳақдан ташқари, автомобиль амортизацияси учун қўшимча ҳақ тўлаш мумкинми? Агар мумкин бўлса, ушбу тўланаётган амортизация харажатлари солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларга тортиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича қандайдир ишни бажараётган фуқаро учун ишларни бажариш қиймати ва тартиби Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.  Автомобилнинг амортизацияси суммасини қоплашни  шартномада келишиб олиш мумкин, бироқ  уларнинг қиймати шартнома бўйича ишларнинг умумий қийматига киритилади.

Солиқ кодексининг 172-моддасига биноан қуйидаги тўловлар меҳнатга  ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради:

    - предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга.

Бундан келиб чиқадики,  шартнома бўйича ишларнинг жами қиймати, жумладан автомобилнинг амортизацияси харажатларини қоплаш  фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишлаётган жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромади  ҳисобланади. Кўрсатилган даромадларга ЖШДС, ЯИТ, шунингдек бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ажратмалар солинади (СКнинг 172, 306-моддалари).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.