Саволнинг ID си: 4746
Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган ҚҚСнинг ортиқча суммасини бошқа мажбурий тўловлар (ЯИТ, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари, Йўл жамғармасига ажратмалар) бўйича қарзни сўндиришга йўналтириш юзасидан ДСИга хат билан мурожаат қилишни режалаштираётир.
Мажбурий тўловлар бўйича қарзни ҚҚСнинг ортиқча суммаси ҳисобидан сўндириш мумкинми? Қайси сабабларга кўра солиқ органлари бунга рад этишлари мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, сиз қайтариладиган ҚҚСнинг ортиқча суммасини бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Республика йўл жамғармаси олдидаги ўз қарзингизни сўндиришга йўналтиришингиз мумкин.

Ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш тартиби СКнинг 227, 228-моддалари ҳамда Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат

солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисида низом (АВ томонидан 16.05.2008 йилда 1807-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган. Бунда мазкур тартиб юзасидан келиб тушаётган сўровлар муносабати билан Молия вазирлиги ва ДСҚ томонидан Низомга (МВ (11-сон) ва ДСҚнинг (2012-8-сон) 2.02.2012 йилдаги қарорига илова, АВ билан 17.02.2012 йилдаги 6-24/21-1504/6-сон хат билан келишилган) расмий талқин берилган.

Низомнинг 15-банди билан кўзда тутилишича, солиқ тўловчининг Молия вазирлигига ёзма мурожаатига биноан ҚҚСнинг ортиқча суммаси қуйидагиларга йўналтирилиши мумкин:

- Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси олдидаги қарзларини сўндиришга;

- етказиб берувчи корхоналар солиқ бўйича қарзларни ҳамда юқорида кўрсатилган жамғармалар олдидаги қарзларини сўндириш орқали товарлар (ишлар, хизматлар) учун уларга солиқ тўловчининг тўловларини (шу жумладан бўнак тўловларини) тўлаш ҳисобига.

Молия вазирлиги томонидан мурожаат кўриб чиқилгандан кейин ҚҚСнинг ортиқча суммаси (СКнинг 207-моддасига асосан ҚҚС ва бошқа солиқлар бўйича қарз сўндирилгандан сўнг) солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига ўтказилиши лозим, у орқали унинг ёзма мурожаатига мувофиқ Низомнинг 15-бандида кўзда тутилган мақсадлар учун ўтказилади.

Мажбурий тўловлар бўйича қарзни сўндиришга рад этиш сабаблари амалдаги норматив ҳужжатларда назарда тутилмаган. Низомнинг 17-бандида фақат ҚҚСнинг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига ўтказишга рад этиш ҳолатлари белгиланган. Бунда кўрсатилишича, ҚҚС бўйича ортиқча суммани қайтаришга рад этиш тўғрисидаги хат рад этиш сабаблари ва асосларини кўрсатган ҳолда баён этилиши керак.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.