Саволнинг ID си: 5000
Ўзбекистон Республикаси фуқароси 2015 йилнинг январь-октябрь ойларида Россия Федерацияси (РФ) корхонасида ишлаган, меҳнат дафтарчасида буни тасдиқловчи ёзув мавжуд. 2015 йил 1 ноябрдан Ўзбекистон Республикасида жойлашган корхонага ишга қабул қилинган.
Россияда 10 ой мобайнида ишлаган ва 2015 йил 1 ноябрдан Ўзбекистон Республикасидаги корхонага ишга қабул қилинган жисмоний шахс даромадларидан ЖШДС ва пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ҳисоблаб чиқариш тартиби қандай?
Экспертларнинг жавоблари:

ЖШДС

Россияда 183 кундан ортиқ яшаш даврида Ўзбекистон Республикаси фуқароси РФ резидентига айланади (1 январдан – 1 ноябрга қадар – 304 кун). У ёки бошқа давлатда бўлганлик жисмоний шахснинг паспортидаги қайдлар орқали аниқланади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами бир юз саксон уч кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасида турган жисмоний шахс – ЎзР резиденти ҳисобланади (СКнинг 19-моддаси).

ЎзР чегарасини кесиб ўтган санадан бошлаб узлуксиз 183 кун бўлган фуқаро Ўзбекистонда резидентга айланади.

Жисмоний шахсларнинг - Ўзбекистон норезидентларининг даромадларига СКнинг 182-моддасида белгиланган ставкалар бўйича Солиқ кодексида кўзда тутилган чегирмаларсиз солиқ солинади.

Ўзбекистон Республикаси норезиденти – жисмоний шахс томонидан меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича даромадлар манбаида олинган даромадларга  манбада чегирмаларсиз 20 % ставка бўйича солиқ солиниши лозим.

Солиқ солинадиган база жами даромаддан келиб чиқиб, СКнинг 179 ва 180-моддаларига мувофиқ солиқ солишдан озод қилинган даромадлар чегирилган ҳолда аниқланади. Агар солиқ тўловчининг даромадидан унинг ихтиёрига кўра, суд ёки бошқа органларнинг қарорига биноан бирон бир ушлаб қолишлар амалга оширилса, бундай ушлаб қолишлар солиқ солинадиган базани камайтирмайди (СКнинг 170-моддаси).

Жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси резидентига айлангандан кейин жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси жисмоний шахс Ўзбекистон ҳудудига келган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун белгиланган тартибда қайта ҳисобланади.

Бошқача айтганда, кўрсатилган фуқаро ЎзРда кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида 183 кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасида тургандан кейин резидентга айланади (башарти у 2016 йил 1 майдан бошлаб ЎзРдан чиқиб кетмаса). Резидентлар даромадларига умумий тартибда (шкала бўйича) ўсувчи якун бўйича солиқ солинади. 2016 йилнинг 1 январидан 1 майига қадар 20% ставка бўйича ҳисоблаб ёзилган ЖШДС суммаси кейинги даврларда даромадларга солиқ солишда ҳисобга олинади.

Модомики 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўрсатилган жисмоний шахс ҳали ЎзР резидентига айланмас экан (2015 йил 1 ноябрдан 2016 йил 1 апрелга қадар – 152 кун), унинг даромадлари декларацияланиши лозим эмас (СКнинг 189-моддаси).

Фуқароларнинг суғурта бадаллари

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчилардир (СКнинг 305-моддаси).

Унинг резидентлигидан қатъи назар ЎзР фуқароси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчи ҳисобланади. Суғурта бадалларини ҳисоблаб ёзиш ва ушлаб қолиш бўйича мажбурият, шунингдек уларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши учун жавобгарлик иш берувчига юклатилади.

СКнинг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланади.  Суғурта бадаллари ҳар ойда солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.