Саволнинг ID си: 5748
Мен ўз номимга ипотека кредити олганман. Ўз иш хақимни 100% кредит фоизларини сўндириш учун ўтказиб келяпман ва даромад солиғи ушланмаяпти. Менинг турмуш ўртоғим мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди.
Турмуш ўртоғимнинг иш ҳақини 100 фоиз менинг кредитимга йўналтирса бўладими, ва ундан даромад солиғи ушланмайдими? Мактаб бухгалтери бу имтиёз фақат кредит олган шахсга тегишлидир деган экан. Шу тўғрими ?
Экспертларнинг жавоблари:

ЎзР Солиқ Кодексининг 179-моддаси 30-бандига асосан қуйидаги жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларига:

- ёш оила аъзолари томонидан якка тартибда уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун ёки кўп квартирали уйдаги квартирани реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилганда;

-қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришни ушбу мақсадлар учун кредитлар бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ зиммасига юклатилган банкларнинг кредитлари ҳисобидан амалга ошираётган қурувчи шахслар, шунингдек уларнинг мазкур кредитлар бўйича биргаликдаги қарз олувчи бўлган оила аъзолари томонидан олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилганда уларга солиқ солинмайди.

ЎзР Оила Кодексига  мувофиқ эр-хотин оила аъзолари ҳисобланади (5-модда), эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади (23-модда). эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига уларнинг ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари киради. Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир. Эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкини тасарруф этиши билан боғлиқ битим тузилганда бу ҳаракат бошқасининг розилигига кўра амалга оширилаётганлигини англатади. (24-модда).

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, банк кредити ҳисобига олинган мулк эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Кредитга тўловлар ҳам ўз навбатида эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобидан амалга оширилади. Бундан келиб чиқадики, оила аъзосининг ҳар бири (эр ва хотин) кредит бўйича тўловларни амалга оширишга, шу билан биргаликда, ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган маблағларга берилган солиқ имтиёзидан фойдаланиши мумкин.

Зарурат туғилганда, ипотека шартномасига кредит тўловини амалга оширишга ҳақли шахслар бўйича қўшимча ўзгартиришлар киритиш мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.