Саволнинг ID си: 6485
Корхонанинг ҳисоб рақамида пул маблағи қолмаган. ЭРИ калитидан фойдаланган ҳолда e-hisobot.uz сайти орқали тўлов топшириқномаси жўнатилди. Пул йўқлиги сабабли ушбу сумма 2-картотекага жойлаштирилган. Тўлов топшириқномаси териш даврида солиқ мажбурияти мавжуд эмас эди.
e-hisobot.uz сайти орқали терилган тўлов топшириқномалари қонунийми? Агар солиқ мажбуриятлари бўлмаган ҳолда солиқ тўловини амалга ошириш учун e-hisobot.uz сайти орқали тўлов топшириқномаси жўнатилиб, у Картотека №2 га жойлаштирилса, корхона учун бунинг оқибатлари қандай бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Солиқ кодексининг 32-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар ўзларининг солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажаришлари шарт.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти деганда маълум бир солиқни ёки мажбурий тўловни қонунчиликда белгиланган муддатларда тўлаш тушунилади. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича бажарилмаган мажбуриятлари бўлган солиқ тўловчи ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бўлишидан қатъи назар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ушбу Кодексда белгиланган тўлаш муддатидан кечиктирмай уларни хизмат кўрсатаётган банкка тўлаш учун тўлов топшириқномасини тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 59-моддаси).

 Солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон тўлов топшириқномаси асосида бевосита банк орқали (Банк – Клиент, Интернет-банкинг тизими воситасида) амалга оширилиши билан бир қаторда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона портали ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида жойлашган солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали ҳам амалга оширилиши мумкин (АВ томонидан 03.06.2013 й. 2465-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги Низом”нинг 30-банди).

Солиқ кодексининг 53-моддаси 5-қисми ва 2465-сон Низомнинг 32-бандига асосан солиқ тўловчининг ҳисобварағида маблағ бўлмаган тақдирда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тақдим этган тўлов топшириқномалари банк томонидан қабул қилинади, "Муддатида тўланмаган ҳисоб-китоб ҳужжатлари" (2-картотека) 90963 баланс ҳисобварағига жойлаштирилади ҳамда маблағларнинг келиб тушишига қараб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.

Солиқ мажбуриятлари бўлмаган ҳолатда солиқ тўловига тўлов топшириқномасининг 2-картотекага жойлаштирилиши молиявий ёки маъмурий жавобгарликка олиб келмайди. Ушбу ҳолатда картотекага жойлаштирилган тўлов топшириқномасини қайтартириб олиш ёки солиқлар бўйича аванс сифатида тўлов амалга оширилиши учун қолдириш мумкин. Айтиб ўтиш керакки, корхона мустақил равишда 2-картотекадан солиқ тўловига тўлов топшириқномасини қайтариб ололмайди. Уни қайтариб олиш учун ДСИ билан текшириш далолатномаси (акт сверки) тузиш, унга кўра солиқлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса, ДСИнинг ёзма рухсатини банкка тақдим этиш керак бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.